Спиртли ичимликларни истеъмол қилиш соғлиқ учун зарар. Меъёридан ортиқ ичкилик ҳар қандай инсонни ақлидан айиради. Бунинг натижасида жиноят кўчасига кириб қолиш ҳам ҳеч гап эмас. Жиноятлар таҳлилига назар ташланса, айнан ичкилик оқибатида содир этилган жиноятларнинг аксариятида айбланувчи воқеа пайтида ўз хатти-ҳаракатини билмайди. Ичкиликбозлик инсонни жиноят сари етаклайди. Содир этилаётган жиноятларнинг аксарияти ичкилик оқибатида юзага келаётгани айни ҳақиқа.
“Жўш ота” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи С.Баҳриев (исми ва фамилияси ўзгартирилган) ичкиликни ўзига касб қилиб олганлардан. Илгари ҳам ўта оғир жиноят содир этиб, жазони ўтаб қайтган. Лекин унга бу жазо таъсир этмади. Маҳалла оқсоқолларининг, оғайн-қариндошларининг панд-насиҳатлари ҳам унга кор қилмади. Кунда-кунора ичиб келиб, уйда жанжал кўтаришидан безор бўлган турмуш ўртоғи ҳам бир нафар боласи билан ота уйига кетиб қолади. Ичкилик оқибатида у яна жиноятга қўл уради.
С.Баҳриевнинг ҳамқишлоғи Э.Ширинов (исми ва фамилияси ўзгартирилган) уйида девор кўтариш учун ҳашар уюштиради. С.Баҳриев ҳам ушбу ҳашарда қатнашади. Кечгача давом этган ҳашар якунида ҳашарчиларга дастурхон ёзилиб, анави зормандадан ҳам қўйилади. Шу билан ҳашар якунланади.
Эрта тонгда С.Баҳриевнинг ароқ таъсирида боши қаттиқ оғрий бошлайди. Бундай пайтда ҳар қандай вазиятда ҳам бош оғриғини қўйдириш учун ароқ керак бўлади. Лекин бу нарса пулга сотилади-да. С.Баҳриев ҳеч қаерда ишламаганлиги туфайли чўнтаги бўм-бўш эди. Хўш, ароқ сотиб олиш учун пулни қаердан топса бўлади?
Ҳашар пайти С.Баҳриев Э.Шириновнинг ҳовлисида 20 килограмм оғирликдаги қора майиз ерга ёйилганлигини кўрган эди. Дарров шу нарса ёдига тушади. Уни ўғирлаб сотса, анча пул бўлади. Бундан ташқари Э.Ширинов турмуш ўртоғи билан савдо билан шуғулланиши туфайли уйида бўлмаслигини ҳам билар эди. У тўғри ҳамқишлоҚининг ҳовлисига кириб, майизни елкасига ташлаб олиб кетади. Уйда Э.Шириновнинг кекса онаси шовқинни эшитиб ташқарига чиқади. Қараса бир киши уйидаги майизни ўғирлаб кетаётганлигини кўриб, орқасидан бақиради. Лекин С.Баҳриев кекса аёл мени танимайди деб тўхтамай бир халта майизни уйига олиб кетади.
Уй эгалари зудлик билан ички ишлар бўлимига ҳамқишлоҚи С.Баҳриев ўҚирлик қилганлиги ҳақида хабар беришади. Ички ишлар бўлими ходимлари С.Бахриевнинг уйига келиб, далилий ашё билан ушлаб, баённома расмийлаштиришади. Шу билан бу жиноятга нуқта қўйса бўлар эди.
Лекин С.Баҳриев ичкиликка шу даражада муккасидан кетган эдики, ароқ ичмаса тура олмайдиган даражага келган эди. Ички ишлар бўлимидан чиққандан кейин тўғри яна Э.Шириновнинг уйига боради. Уйнинг олдида турган велосипедни олиб, йўлда кетаётган танишига 65000 сўм эвазига сотиб юбораётган вақтда яна ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ушланади.
Халқимизда “Букрини гўр тузатади”, деган гап бор. С.Бахриевнинг ёши қирқдан ошаётган бўлса-да, на маҳаллада, на қўни-қўшнилар ўртасида обрў-эътибори бор эди. Доимо ёшига ярашмаган ишлар, қилиқлар қилар, эл-улусга қўшилмас, тўй-маъракаларда кўпчиликнинг безорини чиқарар эди. Ичкилик оқибатида эл-улус олдида шармисорликка юз тутди.
Жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан Э.Бахриев тўрт йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
И.ўУЛОМОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.