Мамлакат тараққиётининг бирламчи омили оилалар фаровонлиги ва ҳамжиҳатлигига асосланади. Оилада соғлом муҳитни шакллантириш, оналар ва болалар саломатлигини асраш ҳамда оилавий ажримлар ва низоларнинг олдини олиш юртимизда олиб борилаётган адолатли сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири саналади.
Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ташкил этилди. Марказнинг амалдаги вазифалари оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғояси билан белгиланади.
- Жамиятда оила институтининг ролини оширишни бугун даврнинг ўзи тақозо этмоқда, - дейди “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими раҳбари И.Ўролов. - Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг таг-замирини ҳам, аввало, оилаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўрганиш ва уларни жойида бартараф этиш сингари омиллар ташкил этади.
Шу муносабат билан туманимизда ҳам жорий йилнинг май ойидан эътиборан “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ўз фаолиятини бошлади. Шу вақт давомида марказ томонидан 10 га яқин нотинч оилалар ҳамда оилавий ажримларнинг туб сабабларини ўрганиш бўйича таҳлилий сўровнома ўтказилиб, уларни республика “Оила” марказига тақдим этдик. Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғир оилаларнинг муаммоларини бартараф этиш бўйича бир қатор амалий чора-тадбирлар кўрилди.
Қайд этиш лозимки, оиладаги низоларнинг аксарияти ичкилик ва ишсизлик оқибатида моддий томондан қийналиш туфайли содир бўлмоқда. Бу каби салбий ҳолатларни кўпроқ Қувкалла, Ўртасой ҳамда Дўстлик маҳалла фуқаролар йиҚинларида кузатиш мумкин. Буни оилаларда жамоатчилик таъсирининг камайиб кетганлиги билан изоҳлаш мумкин.
Дарҳақиқат, оилаларни мустаҳкамлашда жамоатчиликнинг ролини ошириш, шунингдек, оилага тааллуқли бой ва сермазмун миллий анъаналарни асраб-авайлаш, уларни умумбашарий қадриятлар билан уйғунлаштириш, оила ва никоҳ муқаддаслигини ёш авлод онгига чуқур сингдириш йўли билан оилалар тотувлигини таъминлаш, оиланинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, муаммоларини илмий ва амалий тадқиқ этиш марказнинг асосий вазифасидир.
Зеро, оилалар соғломлиги жамият соғлом бўлишини ҳамда ривожланишини таъминлайди.
Тўлқин ХАЛИЛОВ.