Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар натижасида йўлларимиз йил сайин равонлашиб бормоқда. Йўлларимизда катта шаҳарларнику қўяверинг, туманлару қишлоқларда ҳам янги-янги автомобиллар кўпаймоқда. Бу яхши, албатта. Узоғимизни яқин қиладиган, оғиримизни енгиллатадиган бу ҳаракат воситаси инсоният ихтиролари орасида энг кўп тарқалганидир. Бироқ ҳар қандай техника мўъжизаси яшаш учун оддий қулайлик воситаси саналар экан, ундан фойдаланишда жорий этилган маълум қонун-қоидаларга риоя этмаслик, кўпгина бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлиши мумкин.
Олиб борилган махсус текширувлар шуни кўрсатмоқдаки, спиртли ичимликнинг истеъмол қилинган атиги 30-50 грамми кундалик фаолият ёки хизмат мажбуриятини ижро этиш давомида йўл қўйиладиган хатолар миқдори 3-4 баробар ошишига сабаб бўлади. Спиртли ичимликнинг 100-150 грамми эса кишининг ақлий фаолиятини 15-25 фоизга сустлаштиради. Унинг бундай ҳолати, одатда, икки суткага қадар сақланиб қолади. Маълумки, арақнинг истеъмол қилинган 60-100 грамми кишининг эшитиш ва кўриш қобилиятини 50 фоизга сустлаштиради. Табиийки, бундай ҳолат бахтсиз ҳодиса ёки авария билан якун топади.
Маълумки, оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисалари кўпинча транспорт воситасини спиртли ичимлик ичиб, маст ҳолда бошқариш вақтида юзага келади. Бундай ҳолатларда авария ҳолатлари кўпайиб, ҳаттоки инсонларнинг ўлими билан якун топади. Лекин шунга ҳам қарамасдан автомобиль рулига спиртли ичимлик истеъмол қилиб ўтирадиганлар топилмоқда.
О.Ширинов (исми ва фамилияси ўзгартирилган) “Қоратош” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилади. Жорий йилнинг 14 июль куни ўзининг “ВАЗ-2106” русумли транспорт воситасида тегишли ҳужжатларсиз, спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда бошқариб кетаётганида ИИБ ЙЎХБ ходимлари томонидан аниқланади. Шунингдек, “Булоқбоши” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи А.Шарипов (исми ва фамилияси ўзгартирилган) “Нексия” русумли автомобилини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлмасдан, спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда бошқараётганлиги аниқланди.
Уларнинг иккаласи ҳам битта важ келтиради - “атиги 100 грамм ароқ ичгандим”. Тиббиёт гувоҳлик баённомаси ва бошқа ҳужжатлар билан ушбу иккала ҳайдовчи айбдор деб топилди ва Маъмурий ишлар бўйича туман суди томонидан тегишли тарзда жазо чоралари белгиланди.
Шу ўринда яна бир гап. Юртдошларимиз йўллардаги хавфсизликни таъминлаш фақатгина йўл-патруль хизмати инспекторларининг вазифаси, деб қарамасликларини истардим. Чунки сиз кўчага чиқдингизми, ҳаракат иштирокчисига айланасиз. Демак, сиз белгиланган йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишингиз лозим. Унутманг, шошма-шошарлик ёки эътиборсизлик оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
Б.ХУРСАНОВ,
Маъмурий ишлар бўйича туман суди раиси.
