Халқимиз азал-азалдан “Ҳовли олма, қўшни ол” нақлига амал қилиб, қўни-қўшничилик муносабатларига меҳр-оқибатнинг энг юксак намунаси сифатида қараб келишган.
Афсуски, кейинги вақтларда тўю азаси бир девор дармиён қўшниларнинг арзимаган сабаблар билан юз кўрмас бўлиб кетаётганлиги хусусидаги гап-сўзлар қулоққа тез-тез чалинадиган бўлиб қолди.
“Пичот” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Шерзод Аминов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам фарзандларим бировдан кам бўлмасин деган орзу-умидлар билан тирикчилик дардида ўзини у-бу юмушларга ундаб, оила тебратиб юрарди. Лекин унга қўшниси Малик Муродовнинг тийиқсиз хатти-ҳаракатлари тинчлик бермасди. Шерзод у ёққа ўтса ҳам, бу ёққа ўтса ҳам ён қўшнисининг “ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ” қабилидаги аччиқ гап-сўзларига нишон бўлди. Можаронинг аввали арзимаган бир қарич ер масаласидан келиб чиқади. Шерзод ота-бобосидан мерос қолган ҳовли-жойда муқим яшаб қолганди. Лекин Маликнинг иддаосича бу ҳовли-жойнинг тўртдан бир қисми унинг тасарруфида бўлиши керак экан. Дабдурустдан, берилган “таклиф” Шерзоднинг асаб торларини чертиб қўйди. Бироқ у бундай пайтларда ўзини оғир-босиқ тутди. Ушбу масала юзасидан тегишли мутасадди ташкилотларга ҳам мурожаат қилиб, ўзининг ҳақ эканлигини қўшнисига ҳар қанча тушунтирмасин, у пинагини ҳам бузмади.
Сўнгги пайтларда Малик ичиб келиб, уни ердан олиб, ерга соладиган одат чиқарди. Охири тиғ келиб, суякка қадалди. Паймонаси тўлган Шерзод ҳам қўшнисига ҳақорат тошларини отишга мажбур бўлади. Айни шу дақиқаларни кутиб юрган Малик қўшнисини хуморидан чиққунча дўппослай кетди. Оқибатда Ш.Аминов оғир тан жароҳати билан туман марказий шифохонасига ётқизилади.
Мазкур ҳолат маъмурий ишлар бўйича туман судида кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузар М.Муродовга нисбатан тегишли жазо тайинланди. Жиноятга жазо муқаррар, бироқ дарз кетган қўни-қўшничилик муносабатларини шу билан тиклаб бўлармикан?!
Б.ХУРСАНОВ,
Маъмурий ишлар бўйича туман суди раиси.
Тўлқин ХАЛИЛОВ,
“Истиқбол сари” газетаси мухбири.