Туман ҳокимлиги мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 декабрдаги “Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бўйича вилоят тарғибот гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда МФЙ раислари, тиббиёт бирлашмаси, халқ таълими бўлими, хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси вакиллари ҳамда тарғибот гуруҳи аъзолари - Самарқанд давлат медицина институти ректори профессор А.Шамсиев, даволаш ишлари бўйича проректор доцент А.Абдуллаев, даволаш факультети декани, профессор С.Индиаминов, институт назорат ва мониторинг бўлими бошлиғи доцент Я.Аллаяров, педиатрия факультети декани профессор Н.Шавази, ички касалликлар продевтикаси кафедраси доценти У.Самиев, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи С.Ҳалимов иштирок этдилар.Ўтказилган тарғибот йиғилишида аҳолининг демографик кўрсатгичлари, юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини, тўғри овқатланиш тамойиллари ва жисмоний фаолликни ошириш ҳамда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга бағишланган маърузалар тингланди.
Таъкидландики, юрак қон-томир касалликлари, инсульт, хавфли ўсмалар, нафас олиш аъзоларининг сурункали касалликлари ва қандли диабет каби юқумли бўлмаган касалликлар бутун дунёда ногиронлик ва ўлимларнинг асосий сабабларидир. Улар асосан юқори қон босими, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш, қондаги холестериннинг юқори даражаси, ортиқча тана вазни, мева ва сабзавотларни етарлича истеъмол қилмаслик ва суст жисмоний фаоллик каби омиллар туфайли юзага келади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, кейинги бир неча ўн йил ичида ортиқча тана вазни ва семизлик муаммоси бутун дунёда кучайиб бормоқда. Ўтган йилнинг ўзида юқумли бўлмаган касалликлар 40 миллион одамнинг умрига завол бўлди, бу эса дунё бўйича барча ўлим ҳолатларининг 70 фоизини ташкил қилади.
Мамлакатимизда ҳар йили барча ўлим ҳолатларининг 78 фоизи юқумли бўлмаган касалликлар туфайли юз бермоқда. 2018 йилда жинси ва ёши бўйича стандартлаштирилган ўлим сабаблари умумий тузилмасида биринчи ўринни қон айланиш тизими касалликлари (69 фоиз), шу жумладан юрак ишемик касаллиги, артериал гипертония ва унинг асоратлари (миокард инфаркти, бош мияга қон қуйилиши) эгаллади. Улардан кейин хавфли ўсмалар (8 фоиз), қандли диабет (3 фоиз) ва нафас олиш аъзоларининг сурункали касалликлари (3 фоиз) жой олди.
Спорт билан шуғулланмаслик, камҳаракатлилик, соғлом турмуш қоидаларига риоя қилмаслик, нотўғри овқатланиш каби биз беписандлик билан қараётган салбий одатлар барча касалликларнинг дебочаси саналади. Ҳозир иқтисодий ривожланган давлатларда ҳар иккинчи одам ўтириб ишлайдиган ҳаёт тарзини олиб боради. Бу ҳолат катта ёшли шахсларда кўпаймоқда. Кам ҳаракатлилик семизлик, организмдаги модда алмашинуви жараёнинининг бузилиши касалликларнинг тарқалишига олиб келмоқда. Жисмоний фаоллик натижасида юрак қон томир хасталиклари камайиши ва атеросклерознинг олди олинганлиги илмий исботланган. Саломатликни мустаҳкамлашда оммавий спорт ҳаракатини тиббиёт профилактикаси билан уйғунлаштириш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, ҳаёт сифатининг бузғунчиси бўлган алкоголизм, гиёҳвандлик, кашандаликдан сақланиш муҳим. Бу жиҳатларга қарши курашиш инсоннинг нафақат жисмоний, балки руҳий ва маънавий камолоти учун зарурдир.
Тадбирда Самарқанд давлат медицина институтининг битирувчи курс талабаларидан 32 нафари туманимизга амалиёт ўташ учун келганлигини ҳамда уларга вилоятда фаолият кўрсатаётган малакали врачлар бириктирилганлиги таъкидланди. Албатта, бу қувончли ҳолдир. Сабаби туманимиз тоғли ҳудуд бўлганлиги боис врачлар етишмовчилиги бор эди. Бу эса анча даволаш-профилактика ишларида қийинчиликлар туғдираётганди.
Йиғилиш якунида иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар керакли тавсия ва маслаҳатлари билан жавоб беришди.
Ўз мухбиримиз.
Б.МАМАДИЁРОВ олган сурат.
