Ўрта Осиёда қадимдан маълум бўлиб, беморнинг иштаҳаси йўқолиши, дармони қуриб, кўнгли айниб қусиши, ичи кетиб, юзи ва шиллиқ пардаларининг қизариши кузатилиб, озроқ вақт (бир неча соат ёки кун) ўтгандан сўнг тана ҳарорати тушиб, одам худди соғайгандек туюлиши, лекин сал ўтмасдан бурундан қон кетиб, терида нуқтасимон қон қуйилишлар, касал одам ажратмаларида қусуқ моддалари, сийдиги ва бошқаларда қон аралашиши кузатилиши, беморнинг аҳволи оғирлашиб, ҳалок бўлиши билан кечувчи касалликни ўзбеклар “қора ҳалак”, тожиклар “хун грифта” ёки “хуни муни” деб аташган.
Абу Али ибн Синонинг издошларидан бўлмиш Журжоний 1110 йилда ўзининг “Хоразм хазинаси” асарининг “майда касалликлар ҳақида” номли бўлимида шунга ўхшаш касалликни таърифлаб, уни канага ўхшаш майда ҳашорат юқтириши ҳақида айтиб ўтган. Касалликнинг айни пайтдаги номи Қрим-Конго геморрагик иситмаси. Бу ном касаллик қайд этилган ҳудудлар ва касалликнинг ўзига хос белгиларидан келиб чиққан. Чунки касаллик илк бор 1944 йилда Јримда кўчманчилар ва ҳарбийлар ўртасида, 1945 йилда эса Конго давлатида расман қайд этилган. Касаллик тананинг деярли барча қисмида қон қуйилишлар ҳамда юқори ҳарорат билан кечиши эса унинг геморрогик (лотинча қон қуйилиши) иситма деб аталишига сабаб бўлган.
Қрим-Конго геморрагик иситмаси табиий ўчоқли касаллик ҳисобланади. Касаллик билан зарарланган ҳайвонлар, соғ ҳайвонларга ўтиши мумкин бўлган ҳудуд касаллик ўчоғи дейилади. Агар касаллик ўчоғи табиатда одамлар фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда мавжуд бўлса, бу жой касалликнинг табиий ўчоғи деб аталади. Табиий ўчоқда яшовчи ёввойи ҳайвонлар – чўл сичқонлари, типратиконлар, юмронқозиқлар, қуён, тулки кабилар каналарнинг йил давомида яшаб кўпайишига имкон яратади. Каналар эса ўз навбатида танасида касаллик қўзғатувчиси бўлган вирусларни сақлайди. Кўриниб турибдики, табиатда касаллик ўчоқлари сақланиб қолиши чорвачиликнинг ривожланганлиги билан тўғридан-тўғри боғлиқ эмас.
Чўл ва саҳро ҳудудлари, паст текисликларининг дарё бўйи тўқайзорлари, тоғ олди ҳудудлари ҳам офатнинг табиий ўчоғи бўлиши мумкин.
Касалликнинг асосан баҳор-ёз мавсумида қайд этилиши касаллик қўзғатувчиси манбаси бўлган каналар фаоллиги билан боғлиқ. Чунки каналар кунлик ҳарорат ўртача 10 даража ва ундан юқори бўлганда фаоллашиб, озуқа манбаси – иссиқ қонли ҳайвонлар ёки одамларга ҳамла қилади.
Касалликнинг одамларга юқиши кана чаққанда, каналарни қўл билан олиб ташлаш, қайчи билан кесиш жараёнида қон сачраши, шунингдек, касал одамлар билан алоқада бўлиши жараёнида рўй беради.
Касалликни юқтирмаслик учун қуйидаги қоидаларга қатъий амал қилиш зарур:
-ҳайвонларни боқиш, чорва озуқаси жамғариш, дала ишларини бажариш ёки табиат қўйнида дам олиш учун чиққанда канадан ҳимояланиш чораларини кўриш, ҳар соатда ўзингизнинг, ҳамроҳингизнинг устини кўздан кечириб кана бор-йўқлигини аниқлаб туриш, умуман каналарни яқинлаштирмайдиган репеллентлардан фойдаланиш керак;
-чорва ва уй ҳайвонларида канани пайқасангиз уни қўл билан олиб ташлашга ёки қайчи билан кесишга ҳаракат қилманг, дархол ветеринария мутахассисига мурожаат қилиб, унинг маслаҳат ва кўрсатмаларини бажаринг.
Эсда тутинг. Кана одам танасига ўтиб олганда кейин дарҳол чақмайди, аввал ўзига қулай жой қидиради (қўлтиқ ости, чатан ва бошқа иссиқ, пана жой) бу вақтда уни пайқаб қолсангиз пинцет ёрдамида, резина қўлқоп билан олиб ташланг. Агар кана танага ёпишган бўлса, уни зинҳор юлиб олманг. Кананинг нафас олиш аъзоси танасининг орқа қисмида жойлашган бўлиб, унинг устига камфора ёғи, агар у йўқ бўлса оддий ўсимлик ёғини томизсангиз нафаси бўғилиб, сўрғичини танадан чиқаради. Кейин уни осонгина пинцет ёки резина қўлқоп билан олиб ташлаш мумкин. Тиббиёт маскани яқин бўлса имкони борича дархол тиббиёт ходимларига мурожаат қилинг. У ерда канани олиб ташлаш, ўзингизни малакали мутахассислар тиббиёт кузатувига олади.
Чорва молларининг жунини қирқиш олдидан уларга махсус воситалар ёрдамида каналарга қарши ишлов берилиши, қирқимга жалб қилинган ишчилар тўлиқ махсус кийим (этик, комбинезон, қўлқоп) билан таъминланиб, гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиши, ветеринария кўригидан ўтказилмаган, касал ҳайвонларни сўймаслик, молхона, қўра-қўтонларда мунтазам равишда каналарга қарши дезинфекция тадбирларини ўтказиб бориш, ахлат ва гўнг йиғилиб қолишига, сичқонларр ва бошқа кемирувчилар кўпайишига йўл қўймаслик лозим.
Қрим-Конго геморрагик иситмасига қарши эмлама, махсус даволаш усули мавжуд эмас. Касалликнинг олдини олиш мақсадида ветеринария, соғлиқни сақлаш, санитар-эпидемиология назорати органлари томонидан ҳар йили чорва молларига ишлов бериш, қўра-қўтонларда дизенфекция ўтказиш, чўпон уйларига ишлов бериш, ҳар хил ветеринария ва тиббиёт препаратларини харид қилиш тадбирлари ўтказилиб борилмоқда. Қиймати бир неча юз миллион сўмни ташкил этувчи ушбу профилактик тадбирлар фуқароларимиз томонидан юқорида қайд этилган оддий қоидаларга риоя қилинмаса кутилган самарани бермайди ва касаллик чиқиши хавфи сақланиб қолади.
туман ветеринария бўлими бошлиғи.