Туризм, айниқса ички сайёҳлик хизматини ривожлантириш борасида мамлакатимизда эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. “Ўзбекистонбўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастури асосида “Қийқим” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 30 нафарга яқин хотин-қизларнинг мамлакатимизнинг жанубий вилоятлари Сурхондарё ва Қашқадарёга саёҳатлари таассуротларга бой бўлди.
Қадимий шаҳарларимиздан бири кўхна Термизнинг жаҳон илм-фани ва маданияти тараққиётида алоҳида ўрни бор. Унда бир неча минг йиллик тарихга эга осори-атиқалар, ноёб обидалар, табаррук зиёратгоҳлар кўп. Айниқса, Термиздан илму ирфонда жаҳоншумул асарлар, таълимотлар яратган алломалар етишиб чиққан. Саёҳатчилар даставвал ана шундай алломалардан Ал-Ҳаким ат-Термизий мақбарасини зиёрат қилдилар.
Буюк аллома Ал-Ҳаким ат-Термизий бобомиз диний ва дунёвий илмларни чуқур эгаллаган. Маълумотларга қараганда, мутафаккир бобомиз 400 дан ортиқ асар ёзган. Уларнинг 50 дан зиёди бизгача етиб келган. “Наврўзнома” асари айниқса машҳур.
Улуғ аллома қабрининг, мақбарасининг Термиз шаҳри яқинида тикланиши бежиз эмас. Ҳаётининг асосий қисми бу шаҳар билан боғлиқ ҳолда кечган. Мақбара атрофида археологик тадқиқотлар олиб борган қадимшунос олимлар бу жой милодий эра бошларидан араблар босқинига қадар буддавийларнинг ибодатхонаси ўрни бўлганлиги, кейинчалик ибодатхона ўрнида масжид барпо этилганлиги ҳақида маълумот берадилар. Ўтган асрнинг 30-йилларида эски Термизда археологик қазишма ишларини олиб борган академик Михаил Массон “Ҳаким ат-Термизийнинг яшаган ҳужраси мақбара ўрнида бўлган, у вафот этганидан кейин васиятига кўра ҳужрасига дафн этилган”, деган фикрни билдирган. Археологик қазишма ишлари натижасида, ҳақиқатан ҳам мақбара ўрнида уй бўлганлиги аниқланган. Уйнинг пойдевори мақбара деворлари тагида қолиб кетган.
Амударё бўйида жойлашган буюк мутафаккир зиёратгоҳи ўзининг ободлиги, кўркамлиги билан кўпчилик сайёҳларни ўзига мафтун этади.
Саёҳатчилар, шунингдек, Исо ат-Термизий мақбараси, Султон Саодат мажмуини, Термизнинг бошқа диққатга сазовор жойларини томоша қилдилар.
Саёҳат дастурига мувофиқ Сурхондарёдан чиқиб, қўшни Қашқадарёга йўл олинди.
Кўхна воҳанинг улкан туристик салоҳияти анча ривожланганини саёҳатчиларнинг кўплигидан билиш мумкин. Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларининг диққатга сазовор жойларини айланар эканмиз, ўрта асрлар илм-фани ва маданиятидан дарак берувчи кўплаб ёдгорликлар, маданий мерос дурдоналари ҳақида зарур маълумот ва кўникмаларга эга бўлдик. Хусусан, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси объектлари рўйхатига киритилган Шаҳрисабздаги Оқсарой, Дорут-тиловат, Дорус-саодат, Қарши шаҳридаги Қашқадарё кўприги, Одина, Кўк Гумбаз, Ерқўрғон мажмуалари ва шу каби бошқа кўплаб ёдгорликларга ташрифимиз давомида бир олам таассуротлар олдик.
-Буюк аллома ва пири комилларга маскан бўлган муқаддас жойларни кўриб кўнглимизга зиё тўлди,-дейди саёҳатчилардан Гулсара Мардонова. -Зиёратгоҳларда бизга пири комилларнинг ҳаёти ва фаолияти, тарихини сўзлаб беришди. Уларнинг ҳаққига дуо қилдик, Ватанимизга тинчлик-фаровонлик, оилаларга хотиржамлик тиладик.
Маҳалла фаоллари саёҳатдан маданий хордиқ чиқариб, олам-олам завқ-шавқ билан қайтишди. Маҳалла фуқаролар йиғини ташаббуси билан ташкил этилаётган мана шундай тадбирлар аҳолимиз қалбида она-Ватанга муҳаббат, аждодлар меросига ҳурмат руҳини шакллантиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Зумрад ИСМОИЛОВА,
“Қийқим” МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси.