Туманимиз ўзининг тарихий обидалари, муқаддас қадамжолари билан машҳур қадимий ва ҳамиша навқирон кент Самарқандни ўзининг қадимий зилол чашмаси билан дунё эътиборини тортиб келаётган Нурота тумани билан боғловчи йўл ёқасида жойлашган. Табиийки, бу йўлдан бир кунда минглаб маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар ўтишади. Аммо уларнинг аксарияти Қўшработ туманида ҳам диққатга сазовор жойлар, муқаддас қадамжолар борлигини билишмайди. Катта йўлга унчалик узоқ бўлмаган, табиати сўлим “Пичот” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Балиқчи ота” масжид-мажмуаси борлигини билган сайёҳ борки, шу қадамжони ҳам зиёрат қилишни канда қилмайди. Аммо улар кўпчиликни ташкил этмайди.
- Бу масжид-мажмуамизга ташриф буюрувчи сайёҳлар сафини кенгайтириш бизнинг асосий вазифамиз бўлиб турибди, - дейди шу масжидга қатнайдиган нуронийлардан бири Хайрулло бобо Холбоев. – Аммо бизнинг таклифларимиз мутасаддиларга етиб бормади шекилли, шу пайтгача мажмуага қаратилаётган эътибор самарасиз эди. Мана сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратила бошланди. Туманимиз ҳокими таклифларига биноан мажмуада таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари авжига чиқди. Аммо бу билан чегараланиб қолмаслигимиз керак. Аввало, тарихчи олимлар бу зиёратгоҳнинг қадимийлиги ҳақида ёзма манба яратишлари зарур. Бунинг учун мажмуа ҳудудида етарлича далиллар топилишига ишончим комил. Пичот қишлоғида зиёратгоҳ борлигини билдириш учун Самарқанд-Нурота катта йўли ёқасига йўл кўрсатгич белгисини ўрнатиш, катта йўл билан масжидни боғлайдиган таъмирталаб йўлни яхшилаш ва кенгайтириш лозим.
Яқинда масжидга қатновчи нуронийлар орасида бир гап қулоғимга чалинди, яъни катта йўлдан ўтаётган бир замонавий автобус “Балиқчи ота” масжиди томон қайрилибди. Катта йўл билан масжид оралиғидан оқиб ўтадиган сойликка келиб тўхтабди. Автобусдан бирин-кетин хорижлик сайёҳлар туша бошлабди. Меҳмонларнинг гид-экскурсаводи бўлган бир ўзбек йигити қишлоқ одамларидан масжидга йўл сўрабди. Одамлар эса фақат биргина енгил автомашина ўта олиши мумкин бўлган, туманда халқ орасида “Бондаренко” номи билан номланувчи кўприк орқали ўтиб пиёда боришлигини, автобус эса бориши қийинлигини тушунтиришибди. Мажмуани зиёрат қилишни истаб турган хорижлик сайёҳлар эса пиёда йўлга тушишибди.
“Балиқчи ота”га бир марта ташриф буюрган хорижлик сайёҳлар яна келишни орзу қилиб кетишдимикан? Ёки ўз мамлакатларига бориб юртдошларига тўлқинланиб бу маскан ҳақида гапириб берадиган даражада таассуротлар билан қайтишдимикан? Тилдан тилга ўтадиган рекламанинг таъсири бошқа рекламаларникига қараганда кучлироқ бўлади чамамда. Шундай экан, туманимизга ташриф буюраётган меҳмонларни кутиб олиш ва кузатиб қўйишда улар кўнглидан қанчалар жой топа олсак, сайёҳларимиз сафи шунчалар кенгайиши шубҳасиз.
Қўшработнинг нафақат “Пичот” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Балиқчи ота” зиёратгоҳи, балки бошқа маҳаллаларида ҳам муқаддас қадамжолар, диққатга сазовор жойлар, дам олиш масканлари талайгина. Туманимизда ҳам туризм соҳасида амалга оширилаётган ишларни жадаллаштириш, ташриф буюрувчи сайёҳлар сафини кенгайтиришга имкониятлар етарли. Бунинг учун фақат тадбиркор ва ишбилармонлардан, айниқса, масъул шахслардан эътибор, шижоат, ҳаракат талаб этилади, холос.
Тўлқин СИДДИҚОВ