Ички туризм йўналишида аҳолини юртимизнинг диққатга сазовор жойлари, гўзал табиати, бетакрор маданий мерос объектлари ва муқаддас қадамжоларига ташрифини ташкил этиш орқали уларнинг бой тарихимиз, илм-маърифат ва маданият ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ аждодларимиз ҳақидаги тушунчаларини янада ошириш мақсадида “Қийқим” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 30 нафар маҳалла фаолларининг қадимий шаҳар Бухорога саёҳати таассуротларга бой бўлди.
Даставвал, саёҳатчилар туманимиздаги “Оқтошота” ҳамда “Балиқчиота” зиёратгоҳларида бўлишди. Сўнгра барча шарт-шароитларга эга бўлган замонавий автобусда Бухоро томон йўл олишди. Манзил томон кетиш давомида саёҳатчилар Нурота табиий-меъморий музей мажмуасига ҳам ташриф буюришди. Чашмадан оқиб турган табиий тоза сув, унда сузиб юрган балиқларни кўриб, қалблари ҳаяжонга тўлди. "Чилустун", 4 та гумбаз ҳам уларга ўзгача ҳайрат, завқ бағишлади. Мажмуанинг ташкил этилиши, тарихи ва бугуни ҳақидаги маълумотлар улар учун, айниқса, қизиқарли бўлди.
Саёҳат дастурига мувофиқ Нурота шаҳридан чиқиб, Бухорога йўл олинди.
Дастлабки кун саёҳатчилар Бухорода “Етти пир” зиёратгоҳида муқаддас қадамжолар ҳақида зарур маълумот ва кўникмаларга эга бўлишди.
Саёҳатнинг иккинчи куни меҳмонлар «Арк» қўрғони, «Пойи Калон» мажмуаси, «Тоқи заргарон» ва «Тоқи телпакфурушон» савдо марказлари, Улуғбек ва Абдулазизхон мадрасалари, Абдуллахон ҳунармандлар растаси, «Лаби ҳовуз» ансамбли, «Ситораи Моҳи Хоса» саройи ва Баҳовуддин Нақшбанд зиёратгоҳларига саёҳатдан бир олам таассуротлар олишди.
–Буюк аллома ва пири комилларга бўлган бундай иззатдан кўнглимизга зиё тўлди, – дейди саёҳатчилардан Гулсара Мардонова. – Зиёратгоҳларда бизга пири комилларнинг ҳаёти ва фаолияти, тарихини сўзлаб беришди. Пирлар ҳаққига дуо қилдик, Ватанимизга тинчлик-фаровонлик, оилаларга хотиржамлик тиладик.
Маҳалла фаоллари саёҳатдан маданий ҳордиқ чиқариб, олам-олам завқ-шавқ билан қайтишди. Маҳалла фуқаролар йиғини ташаббуси билан ташкил этилаётган мана шундай тадбирлар аҳолимиз қалбида она-Ватанга муҳаббат, аждодлар меросига ҳурмат руҳини шакллантиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
“Қийқим” МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси.