Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан турли соҳаларда меҳнат қилаётган туманимизнинг 45 нафар аёллари учун Самарқанд шаҳри бўйлаб саёҳат ташкил этилди.
Саёҳатчилар зиёратни “Гўри Амир” мақбарасидан бошладилар. Сўнгра, “Регистон” майдонини зиёрат қилишиб, Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг ҳайкали пойига гул қўйишди.
Шундан сўнг “Бибихоним”, “Хазрати Хизр” мақбаралари, “Шохи Зинда” ансамбли ва “Улуғбек” расадхонаси бўйлаб саёҳат қилган аёлларга касаба уюшмаси томонидан “Диёра” базмгоҳида тушлик ташкил этилди. Бу ерда саёҳатчиларнинг мароқли дам олишлари учун санъаткорлар томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди.
-Мамлакатимизда аёлларга жаҳондаги давлатларнинг ҳеч бирида кузатилмаган эҳтиром ва ҳурмат кўрсатилмоқда, - дейди туман халқ таълими бўлими касаба уюшмаси раиси Н.Ҳамроева. – Юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган бундай эътибор ва ғамхўрлик, яъни, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, оилада, жамиятда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераяпти. Инсон умрининг мазмунини ўтган кундан розилик, бугундан шукроналик ва эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишонч белгилайди, десак муболаға бўлмайди. Ушбу ҳаётий ҳақиқатни, айниқса, биз хотин-қизлар истиқлол йилларида кечираётган фаровон турмушимиз мисолида чуқур ҳис этмоқдамиз.
Буни ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда фаол қатнашиб, юрт равнақига ўз улушини қўшаётган, шижоати ҳавас қилгудек опа-сингилларимиз тимсолида яққол кўриш мумкин.
Саёҳатдан улкан ҳиссиётлар билан қайтмоқдамиз. Бу эса иш фаолиятимизга ўзгача завқ ва иштиёқ билан ёндошишимизга туртки бўлади.
Куннинг иккинчи ярмида саёҳатчилар Имом ал-Бухорий мақбарасини ҳам зиёрат қилишди.
АЁЛЛАРГА ЗАВҚ БАҒИШЛАДИ
Ўз мухбиримиз.