Қрим-Конго геморрагик касаллиги – вируслар қўзғатадиган, иситмалаш, геморрагик аломатлар билан, баъзида геморрагик аломатларсиз кечадиган, табиий шароитда трансмиссив йўл (кана чақиш) билан юқадиган табиий ўчоқли ўта хавфли, юқумли касалликдир. Вирусли геморрагик иситма касаллиги Абу Али ибн Сино даврида ҳам маълум бўлган. ¤ша даврларда ушбу касаллик халқ тилида “қора ўлим”, тожикларда эса “хуни муни”, яъни “бурундан қон кетиш” деб аталган. 1944 йилда Қримда бир гуруҳ одамларда вирус табиатли ўткир иситма касалликлари қайд этилган. 1956 йилда Конго давлатида ҳам иситмалаган бемор бола қонидан Қрим геморрагик иситма қўзғатувчисига ўхшаш вирус аниқланган ва унга Қрим-Конго геморрагик иситмаси вируси деб ном берилган.
Қрим-Конго геморрагик иситмасида инфекция манбаи (резервуари) бўлиб каналар, йирик ва майда шохли ҳайвонлар, ёввойи майда сут эмизувчилар (қум сичқонлари, типратикон ва бошқалар) ҳамда бемор одамлар ҳисобланади.
Қрим-Конго геморрагик иситмаси трансмиссив касаллик бўлиб, унинг келиб чиқиши учун уч қисмдан иборат эпизоотик занжир: Манба - касал ҳайвонлар (вируссемия даврида), яъни ўтказувчи касал ҳайвондан вирусни қабул қилиб, соғлом ҳайвонга тарқатувчилар (каналар) учинчиси мойил организм касаллик қўзғатувчисини қабул қилиб олувчи бўлади. Мойил организм доимо мавжудлиги сабабли, эпизоотик ҳолатни занжирнинг иккинчи қисми белгилайди. Шунинг учун ҳам ҳайвонларнинг трансмиссив касалликлар кўрсатгичлари бўғимоёқлиларга бевосита боғлиқ. Эпизоотик жараённинг иккинчи қисми (каналар) йўқотилса, трансмиссив касалликлар келиб чиқмайди. Қрим-Конго геморрагик иситмаси вируси каналар организмида бўлиб, улар вирусни бутун умри давомида ташиб юради ва ҳаттоки наслига ҳам ўтказади. Ўзбекистон шароитида бундай каналар иҳтиоз каналари ҳисобланади.
Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллигига мавсумийлик хос бўлиб, асосан апрел-сентябрь ойларига тўғри келади. Ушбу ойларда касаллик кўп қайд этилади. Касаллик вируси одам организмига кана чаққан жойдан киради. Бундан ташқари, вирус организмга вирус билан зарарланган бемор қони соғлом одамнинг жароҳатланган териси ва шиллиқ қаватига тушганда, камдан-кам ҳолларда эса, шу касалликка чалинган беморнинг қонини соғлом одамга қуйганда тушиши мумкин. Касаллик вируси организмга тушгандан кейин кўпаяди. Қон билан айланиб, вирусемия келтириб чиқаради ҳамда қон томирларининг ички қисмини зарарлаб, унинг ўтказувчанлигини оширади ва ҳар хил даражада геморрагик синдронимларни юзага чиқаради. Яъни, терида геморрагик тошмалар тошади, ошқозон ичак шиллиқ қаватларида, орган ва тўқималардаги капиллярлардан қон кетади, клиник аломатлари ўткир бошланади, танада қалтираш пайдо бўлиб, иситма кўтарилади, ич кетиш, бош оғриқ, бўғинларда оғриқ, организмда умумий ҳолсизлик кузатилади. Касалликнинг авж олиш даврида (4-6 кунлари) геморрагик тошмалар пайдо бўлиб, тери шиллиқ қаватлари, муоалажа ўтказилган жойларда қонталаш, бурун, милк, оғиз шиллиқ қаватидан қон кетиш, қон қусиш ва ичакдан қон кетиши кузатилади. Даволаш ишларини ўз вақтида ўтказмаслик касалликнинг ўлим билан тугашига олиб келади.
Юқоридаги касаллик аломатлари пайдо бўлганда зудлик билан тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш беморнинг эрта тузалишига ёрдам беради. Касалликни даволашда ушбу касаллик билан оғриқ ўтказган беморнинг ушбу гуруҳдаги қон ёки зардобини қуйиш яхши самара беради.
Ушбу касалликка қарши турли профилактик тадбирлар олиб борилади. Асосан қишлоқ хўжалик, ветеринария ва соғлиқни сақлаш ходимлари билан ҳамкорликда олиб бориладиган тадбирлардан бири, бу чорва молларини каналардан халос этишдир. Дезинфекция ишларини сифатли ўтказиш ва қирқим олдидан молларни чўмилтириш энг яхши чоралардан ҳисобланади. Бундан ташқари, қирқимга жалб этилганларни махсус кийим-кечак, дори-дармонлар, зарарсизлантирувчи воситалар билан таъминлаш, тиббий назорат ўтказиш кабилар ҳам шулар жумласидан. Ҳеч қачон моллардаги каналарни қўл билан эзиб ўлдирманг.
Х.МИРЗАЕВ,
врач-эпидемиолог.