Баҳриддин Жўраев “Пичот” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Пичот қишлоғида яшайди. Вақтинча ишсиз. Тўрт нафар фарзанди бор.
Қўшработ-Митан автомобиль йўли ҳар куни юзлаб автомобиллар ҳаракат қилиши оқибатида доимо серқатнов бўлади. Баҳриддин Жўраев ҳам ўзининг “Нексия” русумли автомобилида Қўшработдан Митанга қараб равона бўлади. Афсуски, бу автомашинани бошқаришда Баҳриддин Жўраев ҳушёрликни унутиб қўяди. Яъни йўлда кетаётган вақтида ўнг томондан чап томонга ўтаётган пиёда Б.Муҳаммедовни уриб юборади. Буниг оқибатида Б.Муҳаммедов ўртача оғирликдаги тан жароҳати олади.
Бу орада Баҳриддин Жўраев зудлик билан Б.Муҳаммедовга ёрдам кўрсатади. Даволаниши учун кетган барча харажатларни тўлайди ҳамда ўзаро ярашишади. Бу ҳақида жабрланувчи Б.Муҳаммедов судга ярашганлиги тўғрисида мурожаат қилиб, жиноят ишини тугатишни сўрайди.
Ўзбекистон халқи ўзининг кечиримли ва бағрикенглиги билан азал-азалдан довруғ қозониб келган. Мазкур инсонпарварликни жиноят қонунчилигимиз нормаларида ҳам кўплаб учратамиз.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 661-моддасида кўрсатилган элликдан ошиқ жиноят таркиби юзасидан 45 та моддада назарда тутилган жиноятлар содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.
Суд жабрланувчи Б.Муҳаммедов ҳамда судланувчи Б.Жўраевнинг ярашув тўғрисидаги аризаларини ўрганиб, айбланувчининг айбига иқрорлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги ҳамда жабрланувчи билан ўзаро ярашганлиги туфайли жиноят ишини тугатишни лозим деб топди.
Албатта, автомашина ҳайдаётганда ёки йўлда пиёда юрганда доимо йўл ҳаракати қоидаларига риоя этсангиз ҳаётингиз хавф остида қолмайди. Бекорга “Йўл қоидаси - умр фойдаси” дейишмайди.
И.ҒУЛОМОВ,
Жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.