Қутириш касаллиги иссиқ қонли ҳайвонарда учрайдиган, нейротроп вирус қўзғатадиган, касалланган ҳайвоннинг сўлаги билан мулоқот натижасида (тишлаши, тирнаши, сўлаклаши ва бошқа мулоқотлар) юқадиган, марказий асаб тизимини чуқур шикастланиши билан кечадиган ва ўлим билан якун топадиган оғир зооантиропоноз, табиий ўчоқли, ўта хавфли юқумли касалликдир.
Касалликни нейротроп фильтрланувчи вирус қўзғатади. Қўзғатувчи фақат тирик организмда яшаб кўпаяди ва кўпроқ бош мияда тўпланади. Организмга тушган вирус нерв толаларига ўрнашиб, нерв стволи орқали бош ва орқа мияга қараб ҳаракатланади. Бош мияга етгач, нерв тўқималарини жароҳатлайди, кейин эса периферик нерв орқали сўлак безига ўтади ҳамда сўлак орқали тарқалади.
Касалликнинг асосий тарқатувчи манбаи дайди итлар, тулки, бўри, шоқол ва турли ёввойи ҳайвонлар ҳисобланади. Касаллик жуда ўткир кечиб, 2-7 кун давом этади ва ҳайвон ўлади. Касалланган ҳайвоннинг хулқи ўзгаради, фаоллиги сусаяди, турли хил ёт нарсаларни тишлайди, кўп юради. Асосий характерли белгиси сувдан қўрқади, суюқликни юта олмайдиган, тили фалажланиб, оғзидан суюқлик оқади. Касалланган ҳайвонни даволаб бўлмайди, дархол йўқотилиб, тегишли чора-тадбирлар кўрилиши лозим.
Туманимизда ҳайвонларнинг қутириш касаллигига қарши курашиш ойлиги жорий йилнинг 15 июлидан бошланган. Бу ойлик 15 августгача давом этади. Ойлик давомида барча маҳалла фуқаролар йиғинларида малакали ветеринария врачларидан ташкил топган гуруҳлар аҳолига тегишли итларни қутириш касаллигига қарши эмлаш тадбирларини олиб бормоқда. Шунингдек, аҳоли билан ушбу касалликнинг қандай юқиши, унинг оқибатлари ҳақида давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Туманимиз ҳудудидаги дайди ит ва мушуклар Ободонлаштириш департаменти ит овловчилари томонидан йўқотилмоқда.
Қутириш касаллигининг ўта хавфлилигини инобатга олиб, унга қарши курашишда туманимиз фуқаролари ҳам ветеринария ходимларига ўзларига тегишли итларни қутиришга қарши эмлатиб, рўйхатга олдирса, касаллик тарқалишининг олдини олишга яқиндан кўмаклашган бўлади, албатта.
А.НАРЗУЛЛАЕВ,
туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи.