Ёзнинг жазирама иссиқ кунларида соя-салқин жойларда дам олиш, сув ҳавзаларида чўмилиш инсон танасига ҳузур баҚишлайди. Айнан шу фасл кириб келиши билан коллеж ва мактабларда таълим олаётган ўқувчи ёшлар таътилга чиқиб, мароқли ҳордиқ чиқаришни исташади. Хўш, бу борада туманимизда улар учун қандай шароитлар яратилган?
Афсуски, бу саволга жавоб бериши қийин. Сабаби туман марказидан 15 километр узоқликдаги Заркент шаҳрида жойлашган Аквапарк ҳудудидаги сув ҳавзасини ҳисобга олмаса, болалар учун бирорта ҳам талабга жавоб бера оладиган чўмилиш ҳавзаси йўқ. Туман марказидаги мавжуд табиий сув ҳавзаси ҳам қарийб 30 йилдирки қаровсиз аҳволда. Јолаверса, шу йиллар орасида айрим тадбиркорлар томонидан ушбу сув ҳавзасида балиқлар ҳам боқилди. Озуқа учун нималар ташланмади, дейсиз. Аммо, кўпгина болалар айнан шу пляжда бутун таътил давомида чўмилишни канда қилишмайди. Гўёки ёзни соз ўтказишаётгандек. Мутасаддилар эса томошабин.
Бу йил ёзнинг бошқа йилларга қараганда анча иссиқ келганлиги, табиийки нафақат ёшларни, балки катталарни ҳам сув ҳавзаларига боришга ундамоқда. Афсуски, туманимизда ягона бўлган ана шу сув ҳавзасида эса экология талаблари бузилган. Ўамма жойда чўмилувчилар томонидан ташлаб кетилган шиша синиқлари, баклашкалар, сигарета қолдиқлари, полиэтилен халталарни учратасиз. Ўаттоки, энг тоза деб аталадиган сув ҳавзасининг ёнидан оқадиган ариқда ҳам аҳвол ачинарли ҳолда. Кимдир машинасини, кимдир уйидаги гиламларини юваяпти.
Сузиш инсон саломатлиги учун жуда фойдали ҳисобланади. Бу эса сузиш ҳавзасидаги сувнинг санитария меъёрларига жавоб берса, албатта. Тиббиёт ходимларининг маълумотига кўра, касалликларнинг кўпгина қисми сув орқали юқар экан. Мана шундай ҳолни биз ота-оналар, мутасадди ташкилотлар вакиллари нима учун эътиборга олмаяпмиз? Келажагимиз бунёдкорлари деб эътироф этиладиган ёш авлод учун хавфли ҳисобланган сув ҳавзаларида уларнинг чўмилишларига қачонгача жимгина қараб тураверамиз? Нега бу саволлар бизни қийнамайди?
ЁЗ ЎТМАЯПТИ СОЗ!
Тўлқин СИДДИҚОВ