Мамлакатимизда паспорт тизимини такомиллаштириш, замонавий ва қулай фуқаролик ҳужжатини жорий этиш ислоҳоти жадаллик билан амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг иккинчи чорагигача мазкур жараённи ниҳоясига етказиш ва фуқароларимиз халқаро стандартларга тўла-тўкис жавоб берадиган биометрик паспорт билан таъминланиши кутилмоқда. Аҳолини биометрик паспорт билан таъминланганлик даражаси мамлакат миқёсида 90 фоиздан ошди. Биометрик паспорт олиш жараёни 2018 йил 1 июлгача ўз ниҳоясига етказилади. Туманимизда аҳолининг 86,6 фоизи биометрик паспорт билан таъминланган.
Қайд этиш жоизки, биометрик паспорт кўплаб афзалликларга эга. Дунёнинг бир қатор ривожланган мамлакатлари бундай паспорт тизимига амал қилади. Қолаверса, бу фуқаролик хужжатида муайян шахснинг батафсил биографик маълумотлари, рақамли фотосурати, бармоқ излари электрон шаклда жамланган бўлади. Бу эса халқаро миграция, фуқаро авиацияси каби соҳаларда хавфсизликни таъминлаш, халқаро жиноятчиликнинг олдини олишда қўл келади. Давлатимиз дунёнинг ривожланаётган давлатлари қаторида мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам етарлича муҳофаза қилиниши лозим. Бунда биометрик паспорт тизими катта имкониятилар беради. Туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси фуқароларнинг биометрик паспорт тизимига ўтиш муддатига тобора оз вақт қолаётганлиги сабабли фуқароларни қабул қилиш режасини кунлик 185 нафарга оширди.
Фуқаролар диққатига шуни алоҳида эслатиб ўтмоқчимизки, паспорти бўлиши шарт бўлган фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан яшаши Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасида белгиланган тартибда жарима солинишига сабаб бўлади.
Шу сабабли биометрик паспортга эга бўлмаган фуқароларимиздан нобиометрик паспортларни кўрсатилган муддатгача алмаштиришларини сўраймиз. Ўйлаймизки, бу борада фуқароларнинг ўзлари ҳам ташаббускорлик кўрсатишади.
туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи бошлиғи, лейтенант.