Муҳтарам Юртбошимиз томонидан жорий йилнинг 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида вилоятнинг ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспортга йўналтириш ҳамда иқтисодиётнинг бошқа соҳаларини ҳам экспортга жалб қилишга доир берилган топшириқларининг ижросини таъминлаш мақсадида халқаро молия институтларининг маблағлари ҳисобидан мева-сабзавотчилик ва чорвачилик йўналишларини ривожлантириш учун тўрт юз миллион доллар миқдорида моддий маблағ ажратилди.
Шунингдек, ушбу маблағларни тадбиркорлар зиммасига кредит асосида расмийлаштириш жараёнини соддалаштириш, лойиҳа ташаббускорлари оворагарчилигининг олдини олиш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Самарқанд шаҳар Олимпия заҳиралари коллежида “Тадбиркорларга кўмаклашиш маркази” ташкил этилди.
Марказ ўз фаолияти давомида тадбиркорларга чорвачилик тармоғини ривожлантириш учун йирик ва майда шохли қорамоллар, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, эчкичилик, йилқичиликка эътиборни кучайтириш, шунингдек, мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантириш бўйича мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш, интенсив боғдорчиликни кенгайтириш, замонавий иссиқхоналар ташкил этиш, мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, мева-сабзавот маҳсулотларини саралаш ва қадоқлаш, музлатиш, қишлоқ хўжалик техника ва технологияларига хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш сингари бир қатор қишлоқ хўжалик соҳаларига имконият эшикларини очишни режалаштирган.
Марказ инновацион лойиҳалар доирасида қуйидаги кредит хизматларини таклиф этади: кредитлар 10 йил муддатгача берилади (шундан 3 йили имтиёзли давр), кредит маблағлари АҚШ долларида тақдим этилади, фоиз устамаси 5,5 - 6 фоиз, бир мижоз учун энг юқори кредит миқдори тўрт миллион АҚШ доллари, мижознинг лойиҳадаги улуши энг камида 20 фоиз эквивалентида пул ёки хизмат, иш, натура кўринишида бўлиши мумкин, четдан ҳарид қилинадиган товар, асбоб-ускуна, чорва моллари 100 фоиз кредит ҳисобига молиялаштирилади.
Бундан ташқари “Тадбиркорларга кўмаклашиш маркази”да қишлоқ хўжалик ва чорвачилик йўналишлари бўйича маҳсулот етказиб берувчиларнинг вакиллари ўз маҳсулотлари билан тадбиркорларга таклифларини тақдим этиш имконияти яратилган.
Мазкур имкониятлардан унумли фойдаланиш учун тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган жисмоний шахслар ҳамда тадбиркорлик фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган тадбиркорлар туман ҳокимлигининг 646-13-34 “Ишонч телефон”ига мурожаат қилишса, ҳеч қандай қийинчиликсиз масала ҳал бўлиши мумкин.
ТАДБИРКОРЛАРГА ЯНА БИР ИМКОНИЯТ
Ўз мухбиримиз.