Донорлик - беморларга ёрдам беришнинг, инсонларга яхшилик қилишнинг оддий усулидир. Ҳар куни юзлаб беморлар қонга муҳтожлик сезиши мумкин. Афсуски, қонни сунъий тарзда ишлаб чиқаришнинг имконияти йўқ. Хўш, бундай пайтда қонни қаердан топиш мумкин? Унинг ягона манбаи беғараз донорлардир.
“Донор” сўзининг маъноси - ўз организмининг маълум бир қисмини, аъзосини, қон ёки қоннинг маълум бир қисмини бошқа одамга тиббий эҳтиёжлар учун бериши ҳисобланади.
Қон асосан икки қисмдан иборатдир: қон зардоби ва эритроцитар бўтқаси. Барча инсонлар қони таркибидаги аглютенин ва аглютеногенларга қараб гуруҳларга бўлинади.
Қон гуруҳи - инсоннинг ўзига хос ажратиб турадиган белгиси бўлиб, ота-онадан болага ўтади. Инсоннинг қон гуруҳи умри давомида ўзгаришсиз қолади. Барча инсонлар қони 4 гуруҳга бўлинади.
Мамлакатимизда 18 ёшга тўлган, вазни 50 кг.дан юқори бўлган, жинси, касби, миллатидан қатъий назар ўзини соғлом деб ҳисоблаган ҳар бир инсон донор бўлиб, қон топшириши мумкин.
Қон топширилиши ва бу қонни бирор бир инсон ҳаётини сақлаб қолиши - инсоннинг инсонга ҳадя этган энг олий даражадаги совғасидир. Ҳаёт ҳадя этиш савоб ишнинг энг олий ифодасидир.
Қон топширсангиз, сиз бир ёки бир неча инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолган бўласиз. Қон - эритроцит, тромбоцит ва плазма компонентларига ажратилиб, сизнинг қонингиз алоҳида ҳолатларда бир нечта беморларга ёрдам бериши мумкин.
М.АҲМЕДОВ,
туман қон қуйиш бўлими врачи.