Ёшим 81 да. Туман марказидан анча узоқда жойлашган Урганжи қишлоғида яшайман. Ёшлигимда бир инсоннинг яхшилиги ҳали-ҳануз хотирамда муҳрланиб қолган.
Қишлоғимизда мактаб йўқлиги сабабли қўшни қишлоқдаги етти йиллик 19-умумтаълим мактабига қатнаб ўқир эдик. Об-ҳаво яхши бўлса эшак миниб, қор-қировли кунлари пиёда мактабга қатнардик.
Ўша пайтда 5-синфда ўқир эдим. Бир куни эшакда мактабга кетаётган эдим. Атроф дашт, ҳеч ким йўқ. Шу пайти қандайдир бир отлиқ олдимдан чопиб ўтди. Бундан эшагим ҳуркиб, мени йиқитиб, қочиб кетди. Бошим ёрилиб, қон оқа бошладим. Атрофда ёрдам берадиган ҳеч ким йўқ. Қўрққанимдан йиғлай бошлади. Шу пайти қандайдир бир йигит мени кўтариб олдида, зудлик билан уйига олиб кетди.
Уйига онасининг олдига мени қўйдида дарҳол отамни чақиришга кетди. Отам етиб келгунча у йигитнинг онаси (исмлари Ашур момо) бошимни ювиб, оқаётган қонни тўхтатди.
Кейинчалик билдимки бу йигитнинг исмлари Асро Ҳайитов экан. Ҳозир ҳам умргузаронлик қилмоқда. Ёшлари 85да.
Мана орадан қарийиб етмиш йил ўтди. Ҳали-ҳамон мен ушбу йигитнинг яхшилигини унутмайман.
Яқинда Асро ака невараларига тўй қилди. Мен ҳам ушбу тўйда қатнашиб, У киши ҳақида қишлоқ аҳлига гапириб, бир тўн кийдирдим. Онаси Ашур момони ҳам эслаб, ҳақларига дуо қилдим. Шуни айтсалар керакда, “Яхшилик ҳеч қачон унутилмайди” деб. Яхши инсонлар доимо омон бўлсин.
Ҳазрат бобо ПРИМОВ.