Коронавируслар - катта вируслар оиласи ҳисобланиб, одамларда оддий яллиғланишдан тортиб зотилжам билан кечадиган оғир, ўткир респиратор синдромини чақириши мумкин. Коронавирус этиологияли ўткир респиратор касалликлар 5-10% ҳолда учрайди.
Коронавируснинг янги тури (NCoV) ўртача, оғир ҳолатда кечади. Лекин хавфли гуруҳларда ушбу касаллик оғир кечади ва асоратлар вужудга келиши мумкин. Касалликни оғир кечиши кузатиладиган хавфли гуруҳларга қуйидагилар киради: ҳомиладор аёллар, айниқса III-декадасида, туғишдан кейинги даврдаги аёллар, болалар ва катта ёшдаги одамлар (икки ёшдан кичик ва 65 ёшдан юқори), ортиқча вазнли беморлар ҳамда сурункали касалликлари мавжуд беморлар (ўпка касалликлари, бронхиал астма, сурункали бронхит, юрак-қон томирлари касалликлари, қандли диабет ва бошқалар).
Коронавирус инфекцияси янги тури касаллигининг белгилари грипп ва кўплаб ўткир респираторли инфекцияларига ўхшаш бўлиб, касаллик одатда тана ҳароратининг кўтарилиши, лоҳаслик, юқори нафас йўллари шиллиқ қаватининг яллиғланиши, йўтал билан бошланади.
Ушбу касалликда, ўз-ўзига ташхис қўйиш ва даволаш хавфлидир, оғир асоратларга олиб келиши мумкин.
Коронавирус келтириб чиқарадиган касалликлар қайд этилган давлатларга боришдан олдин қуйидаги эҳтиёт чоралари билан батафсил танишиш лозим:
- тирик ҳайвонлар билан савдо қилинаётган бозорларга ташриф буюрувчилар, ҳайвонлар ёки унинг маҳсулотлари билан мулоқотда бўлувчи шахслар мунтазам равишда умумий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишлари талаб этилади, айниқса ҳар бир мулоқотдан сўнг қўлни совунлаб ювиш тавсия қилинади. Ювилмаган қўл билан юз, оғиз ва бурунни ушлаш маън этилади.
- номаълум ва касалланган ҳайвонлар, шунингдек уларнинг хом ашёлари билан мулоқот қилмаслик талаб этилади.
- пиширилмаган ва чала пиширилган ҳайвон гўшти ҳамда уларнинг маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланади.
- умуман хом гўшт, сут ва ҳайвон ички аъзолари маҳсулотлари билан мулоқотда эҳтиёт чоралари кўрилиши шарт.
- ишловчи ходимлар иш жараёнида ҳимоя кийимлари, ниқоб ва қўлқоп билан ишлаши талаб этилади. Ишлатилган ҳимоя кийимларини ҳар куни зарарсизлантириш талаб этилади ва уйдагилар ушбу анжомлар билан мулоқотда бўлмасликлари шарт.
- юқори нафас йўллари ўткир касалликларига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганда касаллик юқишининг олдини олиш мақсадида тиббий ниқобдан фойдаланиш шарт.
Коронавирус инфекцияси қайд этилган давлатлардан келган шахслар учун:
- агар коронавирус инфекцияси қайд этилган давлатлардан келгандан сўнг 14 кун ичида касалликнинг аломатлари кузатилса, зудлик билан шифокорни уйга чақириш;
- касалликни бошқа оила аъзоларига юқтирмаслик учун мулоқотни чегаралаш, алоҳида идиш-товоқдан фойдаланиш (фойдаланилган идиш-товоқларни совунли, қайноқ сувда ювиш);
- беморни парвариш қилаётган қариндошлари тиббий ниқобдан фойдаланиш ва бемор билан ҳар мулоқотдан сўнг қўлларини совунлаб ювиш;
- касаллик тузалгунга қадар зарурият бўлмаса ташқарига чиқишни чегаралаш.
З.ТЎЙМУРОДОВ,
Б.МАҲМУДОВ,
туман СЭО маркази СГЛ врач-лаборантлари.