Шу йилнинг январь ойида “ALIHAN ORGANIC AGRO LLC” хорижий корхонаси Қўшработ тумани Жўш қишлоғи ҳудудидаги суғорилмайдиган, лалми майдондан 1,5 минг гектар ер олиб лаванда плантацияси бўйича фаолият бошлади.
Дастлаб, 110 гектар майдонга 1 миллион тупдан зиёд лаванда кўчатлари экилди.
Парфюмерия саноати учун қимматли бўлган лаванда ёғини Франция, Туркия ва бошқа давлатларда ишлаб чиқариш учун плантациялар ташкил этилган бўлса-да уларнинг энг каттаси 300 гектаргача майдонни эгаллаши мумкин. - Шу соҳа мутахассислари билан келиб бу ернинг иқлим шароити, тупроқ таркибини ўрганганимиздан сўнг, имконият борлиги учун Қўшработда шу ишни бошладик ва бу орқали Гиннес рекордлар китобига ҳам кирмоқчимиз, дейди корхона иш юритувчиси Давронбек Ҳакимов.- Чунки, парфюмерия саноати учун қимматли бўлган лаванда ёғини Франция, Туркия ва бошқа давлатларда ишлаб чиқариш учун плантациялар ташкил этилган бўлса-да уларнинг энг каттаси 300 гектаргача майдонни эгаллаши мумкин. Бу ерда эса яхлит 500 гектар майдонда лаванда етиштирмоқчимиз. Яқинда Франциядан мутахассислар келиб, биз мўлжаллаган ернинг ҳолати, тупроқ таркиби ва энг муҳими, ҳеч қандай кимёвий ўғит ишлатилмаганини ўрганиб, “органик” деган халқаро сертификат ҳам беришди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, лаванда ўсимлиги сувсизликка чидамли бўлиб, суғоришни талаб қилмайди. Йил давомидаги ёғингарчилик ушбу ўсимликни етиштириш ва сифатли маҳсулот олиш учун кифоя экан. Муҳими, бир марта экилган лавандадан эллик йил давомида ҳосил олиш мумкин.
Бу йил ўсимлик қатор ораларини бегона ўтлардан тозалаб туриш учун махсус техникалар келтирилган. Уч йилдан кейин қатор ораларида бошқа экин ҳам экиб олиш мумкин. Лекин бунга зарурат бўлмайди. Сабаби лавандадан олинадиган ёғнинг бир литри дунё бозорида 20 доллардан 100 долларгача баҳоланади. Бундан ташқари гули ва баргидан чой ҳам тайёрлаш мумкин. Ҳосил махсус комбайнда териб олинади. Уни шу ерда қайта ишлаш учун цехлар ҳам ташкил этиш кўзда тутилган. Келгусида асаларичиликни ҳам йўлга қўйиш режалаштирилган.
Айни пайтда хорижий корхона вакиллари ўзлари учун ажратилган майдонда четдан келтирилган, сувсизликка чидамли ошқовоқ уруғини экмоқда. Бундан ташқари жорий йил кузда 150 гектар майдонда бодомзор ташкил этиш учун кўчатлар келтирилиб, парваришланмоқда. Ушбу бодом ниҳоллари бугунги кунда Европа ва Америка давлатларида харидоргир бўлган бодом навидан тайёрланган.
Айтиш мумкинки, бир пайтлар фақат кенг яйлов сифатида фойдаланилган ёки умуман фойдаланилмаган Қўшработ ерлари яқин йилларда чамандек яшнаб турадиган экин майдонларига, боғларга айланади.
Тўлқин СИДДИҚОВ.