Тамаки саноати - озиқ-овқат саноатининг тамаки ва махорка хом ашёси тайёрлаш, тамаки ферментлари, тамаки ва махорка маҳсулотлари (чекиладиган папирос, сигара, сигарилла, ўрама тамаки, искалма тамаки, чайналма тамаки) ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тармоғидир. Тамаки фабрикалари дастлаб XYII асрда Англия ва Голландияда, XYIII асрнинг иккинчи ярмида эса Россияда қурилган ва дунёда биринчи бўлиб папирос ишлаб чиқарилган. Мамлакатимизда 1994 йилдан бошлаб, дастлаб Тошкентда, сўнгра 1997 йилда Самарқанд сигарет фабрикаси ишга тушди. Хўш, никотин нима? Тамаки чекиш инсон организмига қандай таъсир кўрсатади?
Никотин бу мураккаб кимёвий модда бўлиб, алкалоидлар турига тааллуқлидир. Помидор ёки картошка каби маҳсулотларда ҳам кам миқдорда никотин бор. Бироқ улар таркибида шу қадар камки, организмга ҳеч қандай зарар етказмайди. Тамаки ишлаб чиқаришда никотин кучли таъсирга эга нейрозаҳарга айланиб, инсон организми биологик компонентларини бузишга қодирдир. Ҳеч қандай бўрттиришсиз айтиш мумкинки, никотин бу, наркотикдир.Катта дозадаги никотиннинг асосий хусусияти унинг заҳарлилигидадир. Илмий фактларга биноан, никотин таркибида мушкул кимёвий моддалар бўлиб, организм учун одатий жараёнларни бузиши, бу организм фаолиятининг умумий бузилишига олиб келиши мумкин. Унинг анча катта дозаси асаб тизими фалажи ва оқибати ўлимдир.
Замонавий тиббий тадқиқотлар туфайли олимлар никотинни кам дозада истеъмол қилиш ҳолатида ҳам қуйидаги нуқсонларни келтириб чиқаришини исботлашди:
- ўпка ва бошқа органлар саратони пайдо бўлиши хавфини оширади;
- ҳам эркаклар ва ҳам аёлларда репродуктив функцияларни бузади;
- умумий саломатликни ёмонлаштиради;
- иммунитетни заифлаштиради;
- қон томирларини торайтириши оқибатида, юрак-қон томир тизими касалликларини келтириб чиқаради.
Энг даҳшатлиси, чекиш – бу мақсадли равишда орттирилган одат ҳисобланади. Инсон организми чекиш учун яратилмаган. Биринчи марта тамаки чекишда организм йўтал кўринишида унга қаршилик кўрсатмоқчи бўлади. Аммо, биз барибир, бу зарарли наркотикни ичимизга тортишга ҳаракат қилаверамиз.
«Чекиш ўлдиради» - бу ибора дунёнинг бир қатор ривожланган мамлакатлари никотин маҳсулотларида ёзилган. Ҳақиқатдан ҳам, ҳар йили ўлими у ёки бу жиҳатдан никотин истеъмоли билан боғлиқ 5 миллиондан зиёд киши вафот этади. Агар чекиш инсон саломатлигига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида маълумотга эга бўлмасангиз, унда қуйидаги рўйхат билан танишинг:
- чекиш жараёнида организмга тушувчи зарарли моддалар томирлар деворларида йиғилади ва натижада тугунлар ҳосил қилиб, улар юрак хуружи, инсульт, инфарктни келтириб чиқаради;
- чекувчининг қонига кислород чекмайдиган одамга нисбатан анча аста келиб тушади. Киши ўзини носоғлом ҳис этиши, ёмон кайфият, қон касалликлари шундан келиб чиқади;
- чекиш одамни тўғри маънода ҳиссиз кишига айлантиради. Чунки чекишга узоқ давр мобайнида ружу қўйиш натижасида кўриш, эшитиш даражаси, ҳаракатлар мувофиқлиги сезиларли равишда пасаяди;
- тери қатлами ҳолатининг ёмонлашуви, тери касалликлари пайдо бўлиши эҳтимоли мавжуд.
Фақат битта хулоса чиқариш мумкин: чекиш организмга ёмон таъсир кўрсатиб, инсоннинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий саломатлигига катта зарар етказади.
Кўп кишилар анча енгил сигаретлар ёки электрон версияларини чека бошлашса, бу салбий одатнинг зарари анча камайди, деб ўйлашади. Албатта, қонга келиб тушадиган никотин ҳажми организмнинг у ёки бу тизимининг бузилиш даражасига таъсир кўрсатади. Аммо энг кам никотин дозасига эга биттагина тамакининг кун давомида чекилиши ҳам оғир касалликни келтириб чиқариш хавфини бир неча бараварга оширади.
Ҳар бир инсон — ўз бахтининг бунёдкори. Саломатликни асраш ҳар кимнинг ўз қўлидадир. Шундай экан, ўткинчи ҳою ҳавасга берилаётган, вақтинчалик завқ-шавқни деб кашандаликка ружу қўяётган айрим инсонлар бугун қўл ураётган “одат”ининг оқибатини ҳам ўйлаб кўрсалар, фойдадан холи бўлмайди.
Ж.МЎМИНОВ,
вилоят наркология диспансери врачи.
Р.СИНДАРОВ,
туман нарколог-фельдшери.