Туман ҳокимлиги мажлислар залида халқ депутатлари туман Кенгашининг ўттиз тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни Кенгаш раиси, туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев бошқарди.
25-Қўштамғали сайлов округидан туман Кенгаши депутати Б.Шукуров сессия котиби этиб сайланди.
Депутатлар сессия кун тартиби ва иш тартибини тасдиқлагач, «Халқ депутатлари Қўшработ туман Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича туман сайлов комиссиясининг таркибини тасдиқлаш тўғрисида»ги масалани кўриб чиқдилар. Бешинчи чақириқ халқ депутатлари туман Кенгашига сайлов ўтказувчи туман сайлов комиссияси ваколати тугаши муносабати билан олтинчи чақириқ халқ депутатлари Қўшработ туман кенгашига сайлов ўтказиш бўйича туман сайлов комиссияси таркиби тасдиқланди.
Сессияда депутатлар Халқ депутатлари Қўшработ туман кенгашининг 2019 йил 23 августдаги “Қўшработ туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Б.Сиддиқовнинг туман “Темир озод боғлари” фермер хўжалигини тугатиш ва ер майдонини туман ҳокимлиги захирасига қайтариб олиш тўғрисидаги ахбороти ҳақида”ги 206-38-сонли қарорини қайта кўриб чиқдилар.
Таъкидландики, туман ҳокимининг 2018 йил 18 февралдаги 386-Ј-сонли қарори билан “Темир озод боғлари” фермер хўжалиги ташкил этилади. Ушбу фермер хўжалигига Э.Жуманбулбул ҳудудидан 35 гектар лалмикор ер майдони Қаллачилик, 2019 йил 5 февралдаги 194-Қ-қарори билан фермер хўжалигининг ер майдони узумчилик йўналишига ўтказилади. Фермер хўжалигининг жами ер майдони 65 гектарни ташкил этади.
Афсуски, “Темир озод боғлари” фермер хўжалиги раиси О.Икрамов ғалла учун ажратилган 30 гектар ер майдонининг 4 гектарига ғалла, 26 гектарига эса бошқа экинлар эккани маълум бўлади. Шунингдек, узумчилик учун ажратилган 35 гектар ерга эса ҳеч қандай ток кўчатларини экмаган.
Сессияда ушбу фермер хўжалиги раиси О.Икромов фермер хўжалиги ерларидан тўғри фойдаланмаганлиги, бунинг учун афсусда эканлиги, қайта имконият беришса, ўз иш фаолиятини Қонун талаблари асосида ташкил этишини билдирди.
Депутатлар томонидан бу илтимоснома маъқулланиб, О.Икромовга фермер хўжалигини ривожлантириш ҳамда шартнома шартларини бажариш учун яна бир бор имконият берилди.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан Халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорлари қабул қилинди.
Ўз мухбиримиз.