5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида халқ депутатлари туман Кенгашининг ўттиз биринчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни Кенгаш раиси, туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев бошқарди.
11-Майинтепа сайлов округидан туман Кенгаши депутати Н.Усмонов сессия котиби этиб сайланди.
Депутатлар сессия кун тартиби ва иш тартибини тасдиқлагач, 2018 йилнинг биринчи чорагида маҳаллий бюджет ижроси ва даромадлари базасини ошириш, янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари И.Сайфутдиновнинг ҳисоботи эшитилди.
Таъкидландики, ҳисобот даврида туман маҳаллий бюджетининг даромадлари контингент режаси 23,2 миллиард сўмга режалаштирилган бўлиб, 24,7 миллиард сўмга, яъни 106,7 фоизга бажарилган. Яъни, бюджетга қўшимча 1,6 миллиард сўм даромад туширилишига эришилган.
Жорий йилнинг 2-чорак маҳаллий бюджетининг даромадлари контингент режаси 14,6 миллиард сўмга белгиланган бўлиб, бу кўрсатгич 14,8 миллиард сўмга ёки 101,9 фоизга бажарилди ва бюджетга 300 миллион сўм қўшимча даромад туширилишига эришилди.
2018 йилнинг биринчи ярим йиллик маҳаллий бюджет харажатлари 54,0 миллиард сўмга, яъни 96,6 фоизга бажарилди. Бунга сабаб “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ бюджет ташкилотларининг 4-гуруҳ харажатлари махсус ахборот порталига эълон ва буюртмалар жойлаштириш амалга оширилиши белгиланган бўлсада, лекин жорий йилнинг 9 апрелда ишга туширилган ушбу ахборот порталига бюджет ташкилотларининг раҳбар ва масъул ходимлари томонидан ўз вақтида эълон ва буюртмалар жойлаштирилмаган. Бу эса маҳаллий бюджетнинг 4-гуруҳ харажатлари 1111,0 миллион сўмга бажарилмасдан қолишига олиб келди.
Ушбу қолдиқ маблағлар туман Халқ таълими бўлими ҳамда Мактабгача таълим муассасасида 440 миллион сўм, туман тиббиёт бирлашмасида 172,9 миллион сўм ва бошқа ташкилотларда 284,5 миллион сўмни ташкил этади.
Туман маҳаллий бюджетининг биринчи ярим йиллик даромадлари режаси 8,3 миллиард сўмга режалаштирилган бўлиб, 10,6 миллиард сўмга, яъни 127,4 фоизга бажарилган. Бу эса бюджетга қўшимча 2,3 миллиард сўм қўшимча даромад тушишига олиб келди.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида туманда 2394 та янги иш ўрни яратилди. Бу эса 2016 йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 840 тага, 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 1082 та кўпроқ янги иш ўрни яратилишига эришилди, деган сўздир.
Кун тартибидаги иккинчи масала – Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ишларининг натижадорлиги тўғрисида туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.Раззоқовнинг ҳисоботи эшитилди.
Ҳисоботда таъкидланишича, Қўшработ тумани “Кичик саноат зонаси” МТП майдони ҳудудида ташкил этилган бўлиб, унга 0,80 гектар ер берилган эди. Бу масала ишчи гуруҳи томонидан ўрганилиб, яна 3,89 гектар ер майдони ажратилди.
Тадбиркорлар томонидан ушбу саноат зонасида 1 миллиард сўмдан ортиқ лойиҳалар таклиф этилган. Жумладан, “Хилола” хусусий корхонаси томонидан сантехника жиҳозлари, ЯТТ Усманова Дилдора томонидан замонавий тикув машиналари асосида тикувчилик маҳсулотлари, “Кўзтамғали мебель” МЧЖ корхонаси томонидан МДФ маҳсулотлари ва рангли брусчаткалар ишлаб чиқариш бўйича таклифлар берилган ва маъқулланган. Шунингдек, яна тўрт нафар лойиҳа ташаббускорлари таклифлари вилоят маъмурий кенгашига кўриб чиқиш учун юборилган.
Туманда туризм соҳасини ривожлантириш учун “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра 3 нафар ташаббускор фуқароларга туризмни ривожлантириш учун ер майдонлари ажратилиб берилди. Шунингдек, 4 нафар фуқаро уйида уй меҳмонхоналари ташкил этилди. Ташаббускор Мавлонберди Чўтбоевга Заркент қўрғонидан 1,09 гектар ер майдони замонавий меҳмонхона қуриш учун ажратилди. Бунинг натижасида 10 нафар фуқаромиз ўз иш ўрнига эга бўлади.
Сессияда ушбу иккита масала бўйича туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчи Т.Аҳмедов, Бандликка кўмаклашиш туман маркази директори вазифасини бажарувчи Д.Алиқулов, туман молия бўлими мудири А.Холматовларнинг ахбороти тингланди.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорлари қабул қилинди.
Ўз мухбиримиз.