Бугунги кунда юртимизда болаларни ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича жуда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли ҳуқуқий база шаклланган десак ҳеч муболаға бўлмайди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Оила кодекси, Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нормалар ўз ифодасини топган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1989 йил 20 ноябрда имзоланган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан кейин ратификация қилган энг биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардан ҳисобланади. Мамлакатимиз 1992 йилда мазкур Конвенцияга қўшилиб, бола ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича бир қанча халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларни ўз зиммасига олди. Бундан ташқари, Конвенция қоидаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар ташкилотининг бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига Конвенциянинг бажарилиши тўғрисида доимий равишда ҳисоботлар ҳам тақдим этиб туради.
Шуни таъкидлаш жоизки, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қабул қилинган халқаро мажбуриятларни бажариш учун Ўзбекистон халқаро ҳуқуқий нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш йўлида катта ишларни амалга оширмоқда. Амалдаги қонунчиликда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига, шунингдек уларнинг ҳимоясига алоҳида эътибор берилмоқда.
Маълумки, бола ҳуқуқлари соҳасида қонунчиликнинг асосини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ташкил этади. Унга мувофиқ болада туғилиши биланоқ инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ, эркинликлари вужудга келади ҳамда улар давлат томонидан кафолатланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасига кўра болалар ота-оналарининг келиб чиқиши ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар.
Болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалда бўлган қонунчилик Конституциямиз нормаларини Бола ҳуқуқлари ҳақидаги Конвенцияга мувофиқ ҳолда такомиллаштиришга йўналтирилган.
Конвенция талабларига мувофиқ бола ҳуқуқларини мустаҳкамлаган ва уларнинг ҳимоя килиниш шаклларини такомиллаштирган Фуқаролик ва Оила Кодексларининг қабул қилиниши бола ҳуқуқлари ҳимояси бўйича қонунчилик ривожига жиддий ҳисса қўшди.
Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишининг аниқ қоида ва нормалари кўрсатиб ўтилган.
Мазкур қарорга мувофиқ вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияларнинг янги тузилмаси, янги механизмлар ишлаб чиқилиб, низом қабул қилинди. Профилактик тадбирларни олиб бориш, айниқса, вояга етмаганларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг йўл-хариталари, фаолият схемалари яратилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига асосан жиноят процессида вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш фаолиятини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилган.
Жумладан, жиноят процессида қонуний вакилнинг мажбуриятларига ўзи вакиллик қилаётган шахсга нисбатан ўтказиладиган процессуал ҳаракатларда иштирок этиш мажбурияти киритилди ҳамда унинг иштирокисиз болаларга нисбатан процессуал ҳаракатлар ўтказишнинг тақиқланиши қайд этилди.
Гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилиш қонуний вакили ёки катта ёшдаги яқин қариндоши, педагог ёки жабрланувчининг вакили иштирокида уларнинг розилиги билан ўтказилиши, вояга етмаганларга нисбатан мураккаб тиббий текширув усулларидан, кучли оғриқ бериш билан боғлиқ усуллардан мажбурий фойдаланишга фақат унинг қонуний вакили, васий ёки ҳомийсининг розилиги билан амалга оширилиши, гувоҳ сўроқ қилиниб бўлгач, суд мажлиси залидан чиқариб юборилиши лозимлиги ҳақидаги қоидаларнинг қўлланилиши ёши ўн олтидан ўн сакккизга оширилди.
Шунингдек, қонун ҳужжатларида вояга етмаганлар жиноятлари тўғрисидаги ишларда ҳимоячидан воз кечишга йўл қўйилмаслиги белгиланди.
Бундан ташқари, қонун билан вояга етмаганларнинг қонуний вакиллик институти кенгайтирилди.
Хусусан, вояга етмаганларнинг илтимосига кўра, уларнинг қонуний вакили билан бир қаторда яқин қариндошларидан бири ёки ўзи ишонадиган бошқа шахс ишда қонуний вакил сифатида иштирок этишга йўл қўйилиши мумкинлиги ҳақидаги қоидалар белгиланди.
Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ишлаб чиқилган Ўаракатлар стратегиясининг тўртинчи йўналиши тўртинчи бандида ҳам ёшлар сиёсатини такомиллшатириш белгиланган. Бу бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб уларнинг ижроси таъминланаётгани ўз самарасини бермоқда. Мамлакатимизда сўнгги йилларда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилгани, ўҚил-қизларимизнинг ижтимоий фаоллиги, Ватан ва халқ тақдирига дахлдорлик ҳисси кучайиб бораётгани, замонавий демократик Ўзбекистон давлатини барпо этишда ёшлармизнинг муносиб иштирок этаётгани барчамизни қувонтиради.
И.ҒУЛОМОВ,
Жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.