Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонун имзоланди.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида фуқаролик шахснинг давлат билан ўзаро ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги йиғиндисида ифодаланадиган ҳамда инсон қадр-қиммати, асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини эътироф этиш ҳамда ҳурмат қилишга асосланадиган доимий сиёсий-ҳуқуқий алоқасини белгилайди.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига мансубликни белгиловчи ҳуқуқий норма Қонуннинг 5-моддасида ифодаланган бўлиб, унга кўра қуйидагилар Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади:
- 1992 йил 28 июль ҳолатига кўра Ўзбекистон Республикасида доимий яшаган, чет давлат фуқароси бўлмаган ва Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахс;
- Ўзбекистон ҳудудида яшаган ва 1992 йил 28 июлга қадар ўқиш учун Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетган ҳамда узлуксиз равишда таълим олган ёхуд ҳарбий хизматни ўтаган ва ўқиш ёки ҳарбий хизмат тугаганидан кейин бир йил ичида Ўзбекистонга қайтиб келган ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий пропискадан ўтган шахс, башарти унинг чет давлат фуқаролиги мавжуд бўлмаса;
- ушбу қонун кучга кирган кунда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига эга бўлган шахс;
- ушбу Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини олган шахс.
1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда мазкур қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахс истак билдирган тақдирда, Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади.
Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги қуйидаги ҳолларда олинади:
туғилганлик бўйича;
бола фарзандликка олинганда;
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш ва уни тиклаш натижасида.
Булардан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ва ушбу қонунда назарда тутилган бошқа асосларга кўра ҳам олиниши мумкин.
Қонун билан Президент ҳузуридаги Фуқаролик масалалари бўйича комиссиянинг мақоми, асосий вазифалари ва ваколатлари белгиланди.
Жумладан, Комиссия Ўзбекистон фуқаролиги масалаларига оид илтимосномаларни кўриб чиқади, Президентга ушбу масалалар юзасидан таклифлар киритади.
Қонунга кўра, Ўзбекистон фуқаролиги масалаларини кўриб чиқишда идоралараро электрон ҳамкорлик шакллантирилади.
Ойбек ШИРИНОВ,
туман адлия бўлими бошлиғи.