Мамлакатимизда меҳнат муносабатларида ходимнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарблиги ошиб бормоқда, шу жиҳатдан судларда ишга тиклаш, иш берувчининг жавобгарлиги юзасидан кўриладиган ишлар кўпайиши табиий ҳол.
Таъкидлаш жоизки, қонунчилигимизда ходимнинг иш берувчи томонидан ғайриқонуний ишдан бўшатилган ҳолларда ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи воситалар белгиланган бўлсада, амалиётда кўплаб низолар юзага келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 112-моддасига кўра, ходим олдида иш берувчи қуйидагилар бўйича жавобгар бўлиши белгиланган:
зарарни қоплаш: мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш шартлигидан;
меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ёки ходим бошқа ишга ўтказилганлиги устидан шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар (мутахассислардан маслаҳат олиш, иш юритиш учун кетган харажатлар ва бошқалар) учун компенсация тўлашдан;
маънавий зарар учун компенсация тўлаш каби воситалар белгиланган.
Айтиш мумкинки, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ғайриқонуний равишда ходим бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланади.
Низони кўриш вақтида меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки ходимни бошқа ишга ўтказишнинг асослилигини исботлаб бериш масъулияти иш берувчига юклатилади.
Очиғини айтганда, ходим билан меҳнат шартномаси қонунга хилоф равишда бекор қилинган ёки бу юзасидан ўрнатилган тартиб бузилишига йўл қўйилган бўлиб, аммо корхона тугатилиши оқибатида ходимни ишга тиклаш имконияти бўлмаса, суд меҳнат шартномаси бекор қилишини нотўғри деб топиб, тугатиш комиссияси ёки корхонани тугатиш ҳақида қарор қабул қилган органга, зарур ҳолларда эса, ҳуқуқий ворис мажбурий прогул вақти учун унга бир йилдан кўп бўлмаган муддатга иш ҳақи тўлаш мажбуриятини юклайди.
Меҳнат муносабатларида ходимнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича баъзи бир низоли жиҳатлар ҳам мавжуд. Бу бўйича қуйидаги таклифларимни келтириб ўтаман:
биринчидан, иш берувчининг ходимга етказилган зарар ёки меҳнат шартномаси ғайриқонуний бекор қилинганда, ходим талаб қилиб чиқадиган маънавий зарарнинг аниқ кўрсаткичи мавжуд эмас, яъни ҳақиқатда етказилган маънавий зарарнинг пулдаги миқдори бўйича қонунчилигимизда аниқ ҳолат йўқ. Бунда ходим томонидан маънавий зарар учун компенсация миқдорини исталганча талаб қилиб қўйиши мумкин, аммо судларда бу ҳолат инобатга олинмайди ҳамда даъвонинг маънавий зарар қисмидаги сумманинг жуда кам миқдори қаноатлантирилади. Ана шундай ҳолатларда қонунчилигимизда меҳнат шартномаси ғайриқонуний бекор қилинганда ходим талаб қилиб чиқадиган маънавий зарар миқдорининг энг патски миқдорини белгилаш керак бўлади.
иккинчидан, иш берувчи томонидан меҳнат шартномаси ғайриқонуний ёки умуман бекор қилишда ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи тузилма ёки шахсларнинг фаолияти самарасизлиги, шу жиҳатдан корхонада меҳнат низолари комиссияси фаолиятининг самарасизлиги, шу жиҳатдан корхонада меҳнат низолари комиссиясининг фаолияти самарадорлигини ошириш ёки бундай комиссиялар тузилмаган корхоналарда ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи алоҳида шахсларни тайинлаш лозим.
учинчидан, ходим билан меҳнат шартномасини ғайриқонуний бекор қилиш асосларини ҳам қатъий ўрнатиш муҳим аҳамиятга эга ва шарт бўлган ҳолдир. Шунингдек, ҳозирги вақтда иш берувчи томонидан ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишда иш берувчи айбдор деб топилган ҳолатларда кўпроқ ишга тиклаш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир, чунки ходим меҳнатини кафолатлаш ва ҳимоя қилиш зарурдир.
Ҳуқуқий демократик давлатда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг тўла таъминланиши, қонунларнинг устуворлиги ва барчанинг қонун олдида тенглиги кафолатланади. Демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг замирида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш устувор вазифа бўлиб қолаверади.
Луқмон АСАТОВ,
ҳуқуқшунос.