Ўзбекистон Республикасининг Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ 30 июнь - Ўзбекистон Республикаси ёшлари куни этиб белгиланган. Анъанага мувофиқ жорий йилда ҳам 1-30 июнь санаси “Ёшлар ойлиги” деб эълон қилинди. Хўш, ушбу ойлик доирасида туманимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда, нималар режалаштирилган, мамлакатимизда коронавирус пандемияси туфайли амал қилаётган карантин пайтида “Ёшлар иттифоқи” туман кенгаши томонидан қандай лойиҳалар устида ишлаётганлиги тўғрисида қизиқдик.
- Ёшлар куни — фақат ўйин-кулгу, шоду хуррамлик эмас,-дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши етакчи мутахассиси А.Жалолов. – Бу кун учун муайян мавзу танланиши, маҳаллий ҳокимият вакиллари, мутахассислар ва албатта ёшлар иштирокида ёшларга оид муаммолар юзасидан фикр-алмашиш, ечим ва таклифлар ишлаб чиқилиши зарурдир. Лекин мамлакатимизда коронавирус пандемияси туфайли карантин туфайли баъзи лойиҳаларни амалга ошириш учун онлайн тарзда ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ижтимоий тармоқда “Ёшлар ойлиги” деб номланган канал ташкил этилди.
Шунингдек, болаларнинг беғубор онларини узоқ вақтлар ёдларида сақлаб юришларини кўзлаб, “Бахтли болалик” шиори остида расмлар танлови, “Ёшлар иттифоқи ёшлар нигоҳида” иншолар танлови ўтказилди. Ушбу танловлар онлайн тарзида ўтказилишига қарамасдан жуда кўпчилик ёшларимиз фаол иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус тарғиботи доирасида “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз” шиори остида спортнинг шахмат-шашка, теннис, футбол, сузиш, стол тенниси, волейбол каби турлари бўйича онлайн роликлар тақдимоти ҳам ўтказилмоқда.
Туманимизда ёшлар ўртасида учраётган муаммоларни ҳал этиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлашга кўмаклашиш ҳамда таклифларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳудудларда “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ўтказилди. Унда барча сектор раҳбарлари ҳам иштирок этди. Ушбу учрашувларда қарийиб 1109 нафар ёшлар иштирок этиб, 73 та мурожаат бўлди. Мурожаатлардан 50 таси ижобий ҳал этилди, 23 таси бўйича эса назоратга олиниб, ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Туманимизда “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси томонидан 6 та “Ёшлар меҳнат гузари” қурилиши режалаштирилган. Афсуски, ушбу гузардан фақат биттасигина қурилиш ишлари охирига етказилмоқда. Қолгани эса қурилиши номаълумлигича қолмоқда. Аслида 6 та “Ёшлар меҳнат гузари” ҳам туманимиз ёшлари учун камлик қилади.
Ёшлар иттифоқи туман кенгаши томонидан ҳам ёшлар учун намуна бўладиган арзирли бирор иш қилинмаган. Умумтаълим мактаби ҳамда корхона ва ташкилотлардаги бошланғич ташкилот етакчилари қандай ишлар билан машғуллиги, ишсиз ёшлар, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш бўйича ҳали амалга ошириладиган ишлар кўплигини кўрсатмоқда.
Умуман олганда, Иттифоқ атрофига замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига оладиган баркамол, мақсад сари интилувчан ва серғайрат ёшларни бирлаштира олиши керак.
Д.ҲАСАНОВА.