Мамлакатимизда илк нишонланаётган “Ёшлар куни” туманимизда ҳам кўтаринки руҳда нишонланди.
27-30 июнь кунлари туманимизнинг барча ҳудудларида байрам куни муносабати билан турли хил маданий-маърифий, спорт тадбирлари ташкил этилди.
Соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида туман марказида югуриш бўйича марафон ўтказилди. Юздан ортиқ ўғил-қизлар қатнашган ушбу мусобақада ёш категориясига қараб 2 га бўлинди. Яъни, биринчи босқичда 18 ёшгача бўлган ёшлар, 2 босқичда 18 дан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўзаро беллашишди.
Шунингдек, “Ёшлар – келажагимиз!” шиори остидаги маданий-маърифий тадбирларда истеъдодли ёшларнинг ранг-тасвир асарлари, миллий ҳунармандчилик буюмлари намойиш этилди.
Туман марказидаги 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабида стол тенниси ва бадиий гимнастика, мини футбол турлари бўйича спорт мусобақалари ўтказилди. Унда 600 нафарга яқин ёшларнинг иштирок этди.
Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, имконияти чекланган 80 нафар ёшлар учун "Ёшлар куни" байрам дастурхони лойиҳаси доирасида "Ўрикзор" чойхонасида хайрия тадбири ташкил этилди. Хайрия тадбири давомида ёшларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши томонидан бадиий китоблар тарқатилди.
Тадбир доирасида Булоқбоши ҳамда Қўралос маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оила фарзандлари холидан хабар олинди. Жумладан, Булоқбоши маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи, якка тартибда ўқитиладиган ўқувчи Севара Донабоева, Рўзимурод Абдурашидов, Бахтиёр Қўчқаров ҳамда Қўралос маҳалла фуқаролар йиғинидаги Алишер Сайпиев, Машҳура Сайилбоева ва Ғолиб Асқарбековларнинг хонадонларига Республикадан ташриф буюрган ишчи гуруҳ аъзолари билан ташриф уюштирилди. Ташриф давомида ёшларга мактаб ўқув қуроллари, иттифоқ логотипи туширилган футболка ва кепка, ширинликлар тарқатилди
Тадбирнинг асосий қисми туман марказидаги “Меҳнат” ўйингоҳида бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Б.Мусурмонов мамлакатимизда ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни мустақил фикрлаши, орзу-интилишлари, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
“Ёшлар – Ўзбекистон келажаги” деб номланган байрам гала-концертида туманимиздаги мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари, туман маданият ишлари бўлими хонандалари, пойтахтимиз Тошкентдан ташриф буюрган халқимизнинг севимли санъаткорлари Азиз Раметов, киноактёр, продюсер Шавкат Комиловлар иштирок этди.
Шунингдек, тадбирда Зармитан ҳудудида жойлашган ҳарбий қисм аскарларининг чиқишлари намойиш этилди.
Шундан сўнг Самарқанд вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши аъзолари ва фаол ёшлар иштирокида “Ҳоким ва ёшлар” деб номланган учрашув вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари билан видеоселектор тарзида ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг юртимиз ёшларига йўллаган байрам табригини Самарқанд вилоят ҳокими Т.Жўраев ўқиб эшиттирди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 июнда қабул қилинган “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, ушбу мукофот билан тақдирланган самарқандлик йигитлар – Самарқанд шаҳридаги “Регистон Камолжон” хусусий корхонаси раҳбари Камолжон Акилов ва Республика олимпия захиралари коллежи 3-босқич ўқувчиси Илҳом Баҳромовга совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари, энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида пул мукофоти тантанали равишда топширилди.
Учрашув давомида вилоят ҳокими ёшларни ўйлантираётган муаммоларни эшитиб, уларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга зарур топшириқлар берди. Йигит-қизларнинг бир қатор таклиф ва ташаббуслари ҳам қўллаб-қувватланиб, уларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.
– Ёшлар бандлигини таъминлаш бугунги кунда энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади, – дейди туманимиздаги 12-умумтаълим мактаби ёшлар етакчиси Ирода Маматова. – Бу, айниқса, қўлида касб-ҳунари бўлса-да ҳеч қаерда расман ишламаётган ёшлар учун катта муаммо. Шу сабабли учрашувда ҳар бир туман, шаҳарда “Менинг қўлим гул” деган танлов ўтказиб, ёшларнинг маҳоратига қараб уларни ишга қабул қилиш бўйича таклиф билдирдим. Ушбу таклифим вилоят ҳокимига манзур бўлганидан хурсандман.
А.ЖАЛОЛОВ,
Ёшлар иттифоқи туман кенгаши етакчи мутахассиси.