КЕЛАЖАГИМИЗ ЁШЛАР ҚЎЛИДА
2017 йил 30 июнда “Камолот” ЁИҲнинг IV Қурултойида муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мамлакатимизнинг асосий кучи бўлган ёшларни бир жамоага бирлаштирди. Юртбошимиз Ўзбекистон ёшлар иттифоқи жамиятимиз ёшлари учун социал лифт вазифасини бажариши кераклигини таъкидлаб, Давлат бошқаруви академиясида ёшларни раҳбарликка тайёрловчи “Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти” фаолияти йўлга қўйилди. Шу кунгача унда ёшлар иттифоқининг юздан ортиқ фаол етакчилари таҳсил олишди.
Бугунги юксак технологиялар даврида ҳар бир ёшнинг ўз фикри ва дунёқарашига эга бўлиши, жаҳон иқтисодий ва сиёсий ҳаётида рўй бераётган воқеаларга мустақил фикр билдира олиши, жамият ҳаётидаги жараёнларда фаол иштирок эта олиши муҳим аҳамият касб этади. Давлат бошқаруви академиясида ёшларнинг турли психологик жараёнларда ўзини тута олиш кўникмаларини ривожлантириш билан уларнинг иқтисодий ва сиёсий соҳадаги билимларини мустаҳкамлаш аҳамиятлидир. Академиянинг кучли психолог-педагоглари ва фан докторлари томонидан ўтказилган дарс машғулотларида ёшларда раҳбарлик ҳислатларини шакллантириш, уларнинг жамоа билан ишлаш кўникмаларини ривожлантириш, жамоадаги низоларни бартараф этиш, муаммоларни ечишнинг самарали йўлларини танлаш каби актуал мавзулардан фойдаланилди.
Кўпгина ривожланган давлатлар қаторида бизнинг мамлакатимизда ҳам давлат бошқаруви соҳасига керакли кадрларни тайёрлаш долзарб вазифадир. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида таҳсил олиш ёшларга берилаётган юксак ишончнинг намунаси ҳисобланади. Биз ёшлар бу ишончни самарали ва ҳалол меҳнатимиз билан оқлаймиз.
Зебунисо ШАРИПОВА,