Одамларнинг яшаш шароитини яхшилаш, ишли қилиш, тадбиркорликка жалб қилиш, камбағалликни тугатиш мақсадида мисли кўрилмаган ишлар олиб борилмоқда. Шу мақсадда банклар томонидан имтиёзли, узоқ муддатли кредитлар берилмоқда.
Кўпчилик банкдан олган кредит маблағларидан оқилона фойдаланиб, ишини йўлга қўйгани, янги иш ўринлари ташкил этиб, биргина ўзининг эмас, бошқаларнинг ҳам корига яраётгани таҳсинга сазовор.
Лекин айрим фуқаролар банкдан олган маблағларни мақсадсиз ишлатиб юбориб, тўловдан бош тортиб, ўзини тушунмаганга солиб, турли важ-карсон кўрсатаётганига нима дейсиз? Ёки ишламайдиган, ҳақиқатдан ҳам банк кредитига муҳтож оилалигини била туриб, ундан унумли фойдаланмоқчи бўлганларчи?
Шунингдек, айрим ҳолатда, қариндоши ёки таниши банкдан кредит олишида мулкини гаровга қўйган фуқароларнинг “мен билмабман, яхшилик қилмоқчи эдим. Пулни мен олмаганман, пулни олгандан ундиринглар”, деган эътирози, янада аниқроқ айтганда, “жанжали”га нима дейсиз?!
Хуллас, “Қўролос” МФЙга қарашли “Намуна” гузарида яшовчи Ш.Бойтўраев (исми ва фамилияси ўзгартирилган) Қўшработ туманининг “Зармитан” МФЙда истиқомат қилар эди. Лекин 2016 йилда унинг уй-жойи бузилишга тушади. Шунда у ушбу маҳаллага уй-жой қилиб чиқади. Янги уй бўлганлиги учун унинг кўплаб ташвишлари бўлади. Асосан, бу нарса маблағга бориб тақалади.
Ш.Бойтўраев бунинг йўлини ҳам ўйлаб топади. Унинг укаси ва келини ҳеч қаерда ишламайди. Бундай фуқароларга давлат томонидан банкларда имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Бунинг учун укасини кўндирса кифоя, буёғини ўзи ҳал этади.
Мамлакатимизда ҳеч қаерда ишламаётган, даромади кам оилаларга имтиёзли кредитлар ажратилиши кўзда тутилган. Лекин у ҳам фуқаронинг қўлига тўғридан-тўғри нақд пулни бериш жараёни белгиланмаган. Банк ҳам фуқаро ва етказиб берувчи ташкилот ўртасидаги ўзаро шартномага асосан пулни ўтказиб беради. Бунинг йўлини ҳам Ш.Бойтўраев ўйлаб топади. У Тошкент вилоятидаги “AVAZ-DIL-OSIYO” МЧЖга билан 500 дона товуқ етказиб бериш тўғрисида шартнома тузади ва уни банкка тақдим этади.
Бу бўйича АТ “Халқ банки” Қўшработ филиали томонидан Ш.Бойтўраевнинг укаси Ж.Бойтўраев ҳамда келини Н.Бойтўраева (исми ва фамилияси ўзгартирилган) номига 17 000000 сўмдан 34000000 сўм паррандачиликни ривожлантириш учун кредит маблағи олади.
Афсуски, бу имтиёзли кредит Ж.Бойтўраевга паррандачиликни ривожлантириш учун эмас, балки акаси Ш.Бойтўраевнинг уй-жойини таъмирлаш мақсадида ноқонуний ишлатиб юборилади.
Жиноят ишлари бўйича Қўшработ туман суди томонидан Ш.Бойтўраевга нисбатан ҳар ойда иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил 1 (ой) ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Ш.САВУРБАЕВ,
вилоят прокуратураси тергов тармоқлари фаолияти устидан назорат бўлими катта прокурори.