Туман марказидаги 5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида “Прокурор ва ёшлар” учрашуви ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қўшработ туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Б.Юсупов, Самарқанд вилоят прокурори ўринбосари Самандар Астанов, тумандаги умумтаълим мактабларининг ёшлар етакчилари ва ўқувчилари ҳамда ёшлар иштирок этди.
Катта таассурот ва кўтаринки кайфиятга бой тарзда ўтган учрашув давомида 5 та муҳим ташаббус доирасида кўргазмалар намойиш этилди. Шунингдек, туман Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси” ташкил этилди.
Учрашув давомида вилоят прокурори ўринбосари С.Астанов ёшлар ҳаётидаги муаммолар, долзарб вазифаларни ҳал этиш юзасидан ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратиш, ёшлар томонидан билдирилаётган ҳар қандай муаммо ва таклифларини ўрганиб бориш ва ечими бўйича аниқ ва амалий таклифлар бериши лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, ёшларни маданият, санъат, мусиқа, жисмоний тарбия ва спортга ошно этиш, уларнинг ҳар бирида ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, фаол китобхон ўқувчилар сафини кенгайтириш борасидаги мулоҳазаларини айтиб ўтди.
Очиқ мулоқот тарзида давом этган учрашувда туман ёшлари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Жумладан, 81-умумтаълим мактаби етакчиси А.Аҳмедова жисмоний тарбия дарсида ҳамда спорт тўгараклари учун спорт инвенторлари етишмаслиги, 82-умумтаълим мактаби ўқувчиси Б.Музрабов қўшимча дарс ўтиши учун география ва тарих фанларидан ўқитувчилар йўқлиги, 12-умумтаълим мактаби етакчиси Ирода Маматова Оқтепа ҳудудидаги катта йўлга тезликни қайд этадиган “Радар” аппаратини ўрнатишни, 48-умумтаълим мактаби ўқувчиси Матлуба Носирова 11-синфлар учун ўқув дарсликларининг етишмаслиги хусусидаги мурожаатлари тингланди ҳамда мутасаддиларга керакли кўрсатмалар берилди.
- Уй шароитида тикувчилик қилиш учун керакли тикув машиналарини олиш учун туман “Халқ банк”ига кредит бўйича мурожаат қилган эдим,-деди “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Гулҳаё Ҳикматова. - Коллежнинг тикувчилик йўналиши бўйича битирганман. Тикув машиналари олишим учун зарур маблағим йўқ эди. Банкдан кредит олиб, ўз иш фаолиятимни бошламоқчиман. Афсуски, бир неча бор қилган мурожаатларимни банк мутасаддилари эътиборсиз қолдиришди.
Вилоят прокурори ўринбосари бу бўйича туман “Халқ банки” мутасаддиларига мурожаатни қонуний ҳал этиб, кредит ажратиш бўйича кўрсатмалар берди.
Ўз мухбиримиз.