Фирибгарлик бу – алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритишдир. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддасида мазкур жиноят учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Аслида фирибгарликка оид ҳолатларга алданиб қолаётган жабрланувчиларнинг ўзлари сабаб бўлишаётганини кузатишимиз мумкин. Чунки фирибгар бир инсонни алдаб, муайян ҳаракатларни амалга ошириб, унинг тўла ишончига кириб бўлганидан сўнг шу инсон орқали бошқа жуда кўплаб инсонларнинг мулкини ёки мулкига бўлган ҳуқуқини жуда ҳам осонлик билан қўлга киритаётганини кузатишимиз мумкин.
Р.Шокиров (исми ва фамилияси ўзгартирилган) Иштихон тумани, “Зарбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилади. Уйланган, икки нафар фарзанди бор. Вақтинча ишсиз.
Иштихон туман марказида жойлашган тахта бозорида Р.Шокиров илгаридан таниш бўлган А.Холиқовни учратиб қолади. Ўзаро ҳол-аҳвол сўрашилгач, А.Холиқов уйини таъмирлаш учун банкдан имтиёзли кредит олиши кераклигини айтиб қолади.
Бундан эса Р.Шокиров ўз манфаати йўлида фойдаланишни ўйлаб, А.Холиқовга ўзини “туман прокурорининг кечки ҳайдовчиси” бўлиб ишлаётганлигини, банкда танишлари мавжудлигини айтиб қолади. Паспорт нусхаси ҳамда 100 АҚШ доллари олиб келиб берса, ишни дарров ҳал этиши мумкинлигини таъкидлайди.
Хуллас, А.Холиқов ўзига тегишли паспорт ҳамда бир миллион сўм пулни олиб келиб, Р.Шокировга топширади. Бундан ташқари, яна тахта бозорида ишловчи Ш.Қодиров, А.Холиқовнинг танишлари С.Муносибов, З.Болиев, Э.Нарзуллаевлар ҳам имтиёзли кредит олиш мақсадида паспорт нусхалари ҳамда 100 АҚШ долларини Р.Шокировга беришади.
Афсуски, ушбу фуқароларнинг иши битмайди. Имтиёзли кредит олиб бераман деб олган пулларини Р.Шокиров ўзининг шахсий манфаати учун ишлатиб юборади. Буни кеч бўлсада сезган, фирибгарга дуч келган фуқаролар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилади.
Жиноят ишлари бўйича Қўшработ туман суди томонидан Р.Шокировга фуқароларга етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлигини инобатга олиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда икки йил олти ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланади.
Мазкур тоифадаги жиноятчиликка қарши курашиш йўлида барча масъул эканлигини ҳис этиб, ҳушёр бўлиши лозимдир.
И.ҒУЛОМОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.