Кейинги вақтларда фирибгарлик йўли билан бировларнинг мулкини қўлга киритиш ҳолатлари кўпайиб, уларнинг содир этиш усуллари ҳам турлича бўла бошлади. Фирибгарлик ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қонунга хилоф равишда ва текинга қўлга киритишда ифодаланиб, бунинг таъсирида мулкдор (унинг вакили), мулкнинг бошқа эгаси ёки ваколатли орган мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга беради ёхуд ушбу мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ бошқа шахс томонидан олиб қўйилишига имконият яратади.
Ш.Раҳимов (исми ва фамилияси ўзгартирилган) “Қўштамғали” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилади. Бироз муддат туман марказидаги “Қўшработ омад нур” масъулияти чекланган жамияти нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехида ишчи бўлиб ишлайди.
Шу даврда Ш.Раҳимов жамият бошқарув раисининг “Агробанк” АТБ Қўшработ филиалидан олинган кредитини тўлай олмаганлиги туфайли, банк томонидан унинг гаровдаги “Некция” автомобили аукционга сотувга қўйилганлигини билиб қолади. Бундан у ўзининг шахсий манфаати учун фойдаланиб қолишга уринади.
Маълумки, банклардан кредит олишда мижозлар гаров тариқасида бирон-бир мулкни гаров тариқасида тақдим этади. Мабодо кредитни тўлай олмай қолса, ўша гаров тариқасида қўйган нарсаси банк томонидан аукцион орқали сотилиб, тушган маблағи мижознинг кредит маблағига ўтказилади. Ш.Раҳимов цехда ишлаб юрган пайтида шу ерда иш юритаётган Б.Авалбоева билан танишиб, унинг автомашина харид қилиш нияти борлигини билади.
- Агар яхши, ишончли ҳамда арзон автомашина керак бўлса, топиб беришим мумкин,-дейди Ш.Раҳимов ўзини нажоткордай кўрсатиб.
- Озроқ йиғиб юрган маблағим бор эди, агар ишончли бўлса автомашина харид қилмоқчиман,-дейди ишончли одам топгандай хурсанд холда Б.Авалбоева.
- Яқинда тумандаги банклардан бирида гаров тариқасида турган “Некция” автомобили аукционда сотилади. Уни бозордаги нархлардан анча арзон сотиб олиб беришим мумкин. Ҳам ишончли автомашина,-дея унинг кўнглини тинчлатириб қўйди Ш.Раҳимов.
Бирга ишлаётган одамингизга ким ҳам ишонмайди дейсиз. Бу гапларга “лаққа” ишонган Б.Авалбоева Ш.Раҳимовнинг қўлига 32 миллион сўмни қандай тутқизганини билмай қолди. Шунингдек, баъзи бир харажатларга деб ҳам пул бериб турди.
Вақт ўта бошлади. Лекин автомашинадан дарак бўлмади. Бу эса Б.Авалбоеванинг қариндошларини шубҳалантиради. Улар Б.Раҳимовга келиб автомашина харид қилмаймиз, зудлик билан пулимизни қайтариб бер дея талаб қилишади.
Афсуски, олган пулларини Ш.Раҳимов ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган эди. Шунда Б.Авалбоева ушбу фирибгар устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига мурожаат қилади.
Жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан Ш.Раҳимовга жабрланувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлигини эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда бир йилу олти ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.
И.ҒУЛОМОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.