5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида Миллий хавфсизлик хизмати туман бўлими ташаббуси билан ов қуролига эга бўлган фуқаролар билан қурол билан боғлиқ салбий ва ноҳуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида учрашув ўтказилди.
Учрашувда маҳалла фуқаролар йиҚинлари раислари, “Овчилик жамияти”га аъзо бўлган, қурол сақлашга рухсатномаси бор фуқаролар, ички ишлар бўлими профилактика инспекторлари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Ўтказилган учрашувда вилоят миллий хавфсизлик хизмати ходими И.Саидов фуқаролар томонидан қуролларнинг сақланиши, олиб юрилиши ва улардан фойдаланиш, қурол сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини берувчи рухсатноманинг амал қилиш муддатлари ўтиб кетмаганлиги ҳамда овчилик жамиятиниг аъзолик бадалларини ўз вақтида тўлаб борилиши, қурол-яроғлар фақатгина фуқароларнинг доимий яшаш жойларида, ўқланмаган, бўлакланган ва ғилофга ўралган, ўқ-дорилардан алоҳида, темир сейфда, сейф қулфланган бўлиши, қурол ва қурол сақланадиган сейфнинг калитлари ишончли тарзда (шахсан қурол эгасида ёки хуфёна белгиланган жойларда) сақланиши юзасидан тушунчалар берди.
- Авваламбор, ҳар бир фуқаро ўзига ўқ-отар ов қуроли сотиб олмоқчи бўлса, аввало, 21 ёшга тўлган ҳамда овчилар жамиятига аъзо бўлмоғи лозим,-деди туман “Овчилар жамияти” раиси А.Сафаров. -Ўқ-отар қуролни сотиб олиш учун рухсатнома Ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси томонидан берилади. Рухсатнома олиш учун шахс ўз фуқаролик паспорти ва овчилик билетини тақдим қилиши лозим. Белгиланган муддат давомида фойдаланилмаган рухсатнома ички ишлар бўлимига қайтарилиши шарт.
Шуни алохида таъкидлаб ўтишим лозимки, аҳоли орасида ўқ-отар қурол, ўқ-дори, портловчи модда ва материалларни ноқонуний равишда сотиб олган ва сақлаётган фуқаролар ички ишлар идораларига ўз хоҳиши билан топширган тақдирда жиноий жавобгарликдан озод қилинади.
Агарда уйида бўла туриб, тегишли тартибда рўйхатда бўлмаган қурол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан аниқланган тақдирда ушбу ов қуролини сақлаб қўйган фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноий жавобгарлик белгиланган.
Учрашувда ов қуролини ноқонуний сақлаган, шунингдек, қурол-яроғ савдоси билан шуғулланган фуқароларнинг аянчли қисмати ҳақида “Қалтис савдо” ҳужжатли фильми намойиш этилди.
ҚУРОЛ ИХТИЁРИЙ РАВИШДА ТОПШИРИЛСА ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИК БЕЛГИЛАНМАЙДИ
Ҳ.РАСУЛОВ.