Ҳаёт эзгулик билан гўзал. Аммо баъзан эзгуликка ёвузлик кўланка солади. “Аср вабоси” номини олган гиёҳвандлик инсоннинг осуда ҳаётига рахна солиб, онгини ўзига бўйсундирувчи заҳри қотилдир. Бу шундай қуролки, ўз домига илинтирган одамни разолат дунёсига етаклайди ва бу жараёнда инсон жамиятдаги ўрнини йўқота бошлаганини билмай қолади.
Гиёҳванд фақатгина ўз соғлиғидан айрилибгина қолмай, балки ўз ҳатти-харакатларини ҳам назорат қила олмайди.
Гиёҳванд нафақат бир шахсни, балки бутун бир халқни, миллатни йўқ қилиб юборишга қодир. Нега бу бало ҳали-ҳануз ҳаётимизни заҳарлашни давом эттираяпти?
Бунинг сабабини олимларимиз ўрганиб, турли хулосаларга келмоқдалар. Олимларнинг тадқиқотларида шу нарса аён бўлдики, гиёҳвандлар асосан 16 ёшдан 35 ёшгача бўлиб, аксарияти ўзига тўқ оилалардан экан.
Гиёҳвандлик ижтимоий хавфга ҳам эга. Гиёҳвандликка берилган инсон жамиятга ҳеч қандай фойда келтирмайди, балки бошқаларни ҳам ўз домига тортишга ҳаракат қилади. Унинг домига тушган ёшларда ўқишга, ишлашга, умуман ҳаётга қизиқиш қолмайди.
Бу иллатнинг, айниқса ёшлар ва аёллар орасида кўпайиши катта ижтимоий хавфга эга бўлиб, меҳнатсиз пул орттириш, фақат маишат қилиш манбаига кириш аянчли ҳолатдир.
Баъзи ёш аёллар гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғуллангани улар учун тирикчилик манбаи бўлиб, бу ҳаётнинг заволи бўлаётганлиги ачинарли ҳолдир. Афсуски, бугунги кунда ўз илдизларига болта ураётганлар сони кўпайиб кетмоқда.
Гиёҳвандлик қадим-қадим замонлардан бери маълум иллат. Унинг турлари кўп бўлсада, асорати битта сиртмоғига илинган кишиларни ўлим томон етаклайди.
Гиёҳвандликнинг бир тури бўлган нашавандлик ўз даврида олим, фозил кишилар томонидан ҳар тарафлама ўрганилиб, унинг асоратлари кўрсатиб ўтилган. Жумладан, буюк табиб Абу Али ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари”да нашанинг одам организмига салбий таъсирини баён этган. Китобнинг иккинчи жилди 634-мақоласида “Наша уруғини кўп истеъмол қилинса, бефарзандликка олиб келади” дейилади.
Навқирон келажак эгаси бўлмиш ёшларимизни гиёҳвандлик балосидан асраш кўп жиҳатдан кенг жамоатчиликка, ота-оналарга, мактаб, ўқув юртларининг мураббийларига, маҳалла оқсоқолларига боғлиқ. Ёшлар бўш вақтини мазмунли ўтишини ташкил этиш, вақтдан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган шароитларни яратиш, турли машғулотларга қизиқувчилар учун тўгарак ва клубларни кенгайтириш яхши самара беради. Шундай экан гиёҳвандликка қарши фақат ўқитувчи ёки нарколог, ички ишлар ходими ёки божхона назоратчиси эмас, барчамиз ҳамжиҳат бўлиб курашишимиз керак.
Ҳозирги пайтда гиёҳвандлик оғир ва қийин даволанадиган касаллик ҳисобланади. Чунки гиёҳванднинг танасидаги барча аъзолар ва тизимлар шикастланади. Уларни даволаш учун узоқ муддат зарур бўлади. Даъволанишнинг мураккаблиги шундаки, тиббий йўл билан жисмоний боғлиқликни йўқотиш мумкин. Руҳий боғлиқликни эса тиббий йўл билан бартараф этиш мушкул.
Ш.ЗИЁДДИНОВ,
“Маънавият ва маърифат” маркази туман бўлинмаси раҳбари.