Гиёҳвандликни бежизга “аср вабоси” дейишмайди. Сабаби ушбу моддаларни истеъмол қилувчилар тузалмас касалликларга йўлиқиши, ҳаётдан эрта кетиши, улардан мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланган.
Айни кунларда аср вабосига айланган гиёҳвандликка қарши курашиш жамиятимизнинг ҳар бир фуқароси олдида турган муҳим ва долзарб вазифадир.
Гиёҳвандлик воситаларининг катта миқдорда етиштирилаётгани ва сайёрамиз бўйлаб шиддат билан тарқалаётгани келажаги учун қайғурадиган ҳар бир миллатни ташвишга солиши, шубҳасиз. Бугунги кунда дунёда аср вабоси деб аталаётган гиёҳвандлик исканжасига тушганларнинг аксарият қисми 15–35 ёш орасида бўлган йигит-қизлардир.
Гиёҳванд моддаларнинг психостимуляторлар, галлюциногенлар, канопнинг турли навлари, опиум наркотиклари, тинчлантирувчи ва ухлатувчи воситалар каби турлари мавжуд. Шифокорлик амалиётида гиёҳвандлик касаллигининг келиб чиқиши бир неча босқичда кузатилади ва одамларнинг гиёҳванд моддага ўрганиб қолиши натижасида “наркомания” синдроми пайдо бўлади. Бунда биринчи босқич наркотик моддага мойиллик, иккинчи босқич абстиненция – хумор синдроми пайдо бўлиши, учинчи босқич наркотик моддаларга чидамлилик пасайиши билан кечади. Учинчи босқичда гиёҳвандлик хасталигига чалинган бемор ташқи кўриниши, жисмоний ва руҳий ҳолати, ўзини тутиши билан соғлом одамдан рўй-рост ажралиб туради. Бундай ҳолатда наркотик моддаларсиз яшай олмаслик хусусияти пайдо бўлади.
Гиёҳвандлик жинояти ҳақида бутун дунё ташвишга тушаётган бир пайтда мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаро ушбу иллатнинг салбий оқибатларидан тегишли хулоса чиқариб олиши керак. Ушбу соҳадаги қонунбузарликнинг олдини олишда, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат идоралари ва соғлиқни сақлаш муассасалари мутасаддилари, балки жамоатчилик бирлашмалари, ўзини ўзи бошқариш органлари, таълим муассасалари, қолаверса, кенг жамоатчилик масъулдирмиз. Демак, бу борада ҳар биримиз келажак авлод баркамоллиги, эртанги кунимиз фаровонлиги учун жавобгармиз.
Шомирза ҚЎЛДОШЕВ,
Самарқанд ҳарбий прокурорининг ёрдамчиси, адлия лейтенанти.