Мутахассисларнинг таҳлилига кўра, гиёҳвандлик юқори асаб тизимини қўзғатиб, ишдан чиқаргач, инсоннинг руҳий ва жисмоний саломатлигига путур етказади. Шунингдек, организмдаги моддалар алмашинуви жараёни бузилади ва охир-оқибат бутун вужуд заҳарланади. Бора-бора инсон организми бундай моддаларни истеъмол қилмаса, қисман ёки бутунлай ишдан чиқади. Бу масалага айниқса, сўнгги пайтларда ОАВ орқали жуда кўп марта тўхталиниб, огоҳ бўлиш ҳақида бонг урилмоқда.
Бундан ташқари, беозор дея ҳисобланган айрим дори турлари ҳам борки, улар ҳам инсон соғлиғига зарар келтириши мумкин. Масалан, айрим уйқу келтирувчи ва тинчлантирувчи воситалар (транквилизаторлар), шунингдек, ҳеч бир зарари йўқ деб ҳисобланувчи айрим дори воситалари ҳам гиёҳвандликка йўл очиб бериши мумкин. Шунинг учун гоҳида уйқусизликдан қийналиб, бундай воситаларни ўз ҳолича қабул қилувчилар орасида дори-дармон гиёҳвандлиги деб аталувчи ҳолатнинг мавжудлиги аниқланган. Афсуски, бундай гиёҳвандлик ҳам инсон соғлиғини буткул издан чиқаради. Аниқроғи, бундай дориларга худди чекиш ёки ичишга ўхшаб ўрганиб қолинса, оқибатда ундан қутулиш жуда қийин кечади.
Ҳозирги кунда гиёҳвандлик глобал муаммолардан биридир. Аср вабоси деб баҳоланаётган “оқ ажал” қанчадан-қанча инсонларнинг бахтига зомин бўлаётгани, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишга одатланиш оқибатида ногирон, жисмоний ва ақлий нуқсони бор болалар дунёга келаётгани ҳақида ўйласак, янада сергак тортамиз. Оғунинг қулига айланиб қолаётган замондошларимизни тўғри йўлга қайтариш барчамиз учун фойдалидир. Шундай экан, оилаларимиз тинчлиги, фарзандларимиз келажагига раҳна солаётган, жиддий хавфга айланган гиёҳвандликка қарши биргаликда курашишимиз шарт.
Ш.ЗИЁДДИНОВ.