Бугунги куннинг долзарб вазифаси аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини кенг жамоатчиликка етказишдан иборат. Қонунийлик тамойили мамлакатимизда тинчлик ва осойишталик, миллатлар тотувлиги ва иноқлиги, иқтисодиётнинг бир маромда барқарор ривожланишини таъминламоқда.
Давлат органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш муҳим жараён бўлиб, бу жараёнда коррупция билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш, унга йўл қўймаслик ҳамда салбий иллатга қарши самарали кураш олиб бориш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Коррупция – лотинча “corruptio” айниш, порага сотилиш сўзидан олинган. Коррупция мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ижтимоий ҳуқуқий ҳодисадир.
Маълумки, бу иллат ҳар қандай жамиятнинг сиёсий ва иқтисодий ривожланишига зарар етказади. Жамиятнинг маънавий ахлоқини емиради, қонун устуворлигини кучсизлантиради, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг жиддий тарзда бузилишига олиб келади. У шу билан биргаликда уюшган жиноятчилик, терроризм ва инсоният хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа таҳдидларнинг ўсишига ёрдам беради. Унинг домига илинган амалдор, шахсий бойлик орттириш мақсадларини ва уруҚ-аймоқларининг манфаатларини давлат манфаатидан устун қўйиши натижасида, мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий йўлига ҳамда аҳолининг аксарият қисмига тузатиб бўлмайдиган зарар етказади, чет эллик шерикларда ҳам ишончсизлик уйҚотади ва уларни ҳамкорликдан қайтаради.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи соҳадаги коррупция ва порахўрлик буюк мутафаккирларимиз томонидан ҳам қораланиб келинган. Чунончи, Алишер Навоий майпараст ва порахўр қозиларни, қолаверса, бошқа дин пешволарини, жумладан қонуншунос муфтиларни қаттиқ танқид қилиб, “ундайларни ўлдирмоқ ва уларни дўзах ўтига куйдирмоқ керак”, - дейди. Қозилар ва қонуншунос муфтилар ҳалол, инсоф-диёнатли бўлиши, қонун йўлидан бир қадам ҳам тоймаслиги ҳақида Навоий томонидан илгари сурилган ушбу илмий-фалсафий Қоялар бугунги кунда ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.
Мамлакатимизда 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Унга кўра, коррупция жиноятларини содир этган шахсларга нисбатан қатъий жавобгарлик белгиланган бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан бундай турдаги жиноятларга қарши кескин кураш олиб борилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва принципларини белгилашда ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш масаласи қатъий ҳисобга олинган. Коррупцияга аралашган, бу жирканч иллатга қўл урган одам учун улуғ нарсалар, мўътабар туйғуларнинг қадри йўқолади. Бундай одамлар ҳаётда ҳамма нарсани сотиб олиш ва сотиш мумкин, деб ўйлайди. Улар иймон-эътиқодга ишонмайди, айни пайтда бундай кимсаларга ҳаёт учун азиз саналадиган ҳеч нарсани инониб бўлмайди. Чунки улар ота-онаси, қариндош-уруғлари, ёр-у биродарлари, маҳалла-кўйнинг юзини ерга қаратишдан, бошини эгишдан уялмайди.
Мамлакатимизнинг келажагини ва обрў-эътиборини қадрлайдиган ҳар бир виждонли фуқаро бундай таҳдиднинг зарарли оқибатларини доимо эсда тутмоҚи ва унга қарши курашмоғи шарт.
А.САИДОВ,
Департаментнинг вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи.