Коррупция — ҳар қандай мамлакатнинг миллий давлатчилик асослари, сиёсий ва иқтисодий барқарорлигига жиддий хавф солиб, фуқароларнинг ижтимоий адолат, қонун устуворлиги ва давлат органларига бўлган ишончини сусайтиришига олиб келувчи иллатлардан ҳисобланади.
Матбуотни кузатар эканмиз пора олаётганлар қўлга тушаётганини ўқиймиз. Бундай ҳолатларни санаб адоғига етиш мушкул бўлиб қолмоқда...
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жамиятда халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат муҳитини яратамиз, деб алоҳида қайд этган эди.
Адолат – бу қонунийлик, бу коррупциясиз ҳаёт ва ҳар бир инсон ўзига юклатилган вазифани виждонан бажаришидир.
Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган. 2017 йил 3 январь куни кучга кирган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг асосий мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат эканлигини таъкидлаш жоиз.
Хўш, коррупция ўзи нима? Коррупция - лотинча “corruptio” сўзидан олинган бўлиб, айниш, порага сотилиш маъноларини англатади. Коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир. Яъни, мансабдор шахснинг ўз ваколатидан фойдаланган ҳолда қонунни суистеъмол қилиши, хизмат ваколатларидан четга чиқиши, таниш-билишчилик, ошна-оғайинчилик, қариндош-уруғчилик асосида иш ташкил қилиб, инсон ҳуқуқларига путур етказиши, айниқса, порахўрлик, таъмагирлик қилиши билан жамиятимиз учун ижтимоий хавфлидир.
Коррупцияга қарши курашиш – мамлакатимизда жадал суръатларда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар шароитида ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим воситаларидан бири ҳисобланади.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий тамойилларидан бири сифатида жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида қонун устуворлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни пайтда коррупцияга қарши изчил кураш олиб боришда иқтисодий-сиёсий, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга ошириш долзарб аҳамият касб этаяпти. Жумладан, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жамиятда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратди. Бироқ ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб қолмайди. Чунончи шахс ҳамда жамият манфаатларини янада самаралироқ ҳимоя қилиш коррупциянинг олдини олишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш эҳтиёжини вужудга келтирди.
Шу билан бир қаторда коррупцияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбияни кучайтириш давр талабидир. Зеро, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти етук бўлган фуқаролар коррупцияга йўл қўймайдилар.
Хулоса қилиб айтганда, келажакни коррупциясиз қуришимиз учун ҳар биримиз масъулдирмиз. Бунинг учун, аввало, ўзимизни ўзимиз тўғри тарбия қилишимиз, чуқур ҳуқуқий билим ва тажрибаларни пухта ўзлаштиришимиз, коррупциянинг ҳар қандай кўринишини бартараф қилишда ҳамкорликни кучайтиришимиз зарурдир.
Т.АҲМЕДОВ,
туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи.