Мамлакатимиз суд тизимида жамоатчилик вакилларининг кенг иштирокини таъминлашга қаратилаётган эътибор одил судловни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу боис халқ маслаҳатчилари институти шакллангани ва уларнинг жиноят иши муҳокамасида иштирок этаётгани бунинг амалдаги ифодасидир.
Ўз навбатида, жамоатчиликнинг жиноят ишларини судларда кўришдаги фаоллиги ошгани сари қонунийликка тўлиқ риоя қилишни таъминлаш борасидаги назорат кучайиб боради.
Шунингдек, халқ маслаҳатчиларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини мунтазам равишда юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиш жоиз. Бу эса, жамиятда қонун устуворлиги ва адолатни таъминлаш, суд ҳокимиятининг обрў-эътибори янада ошишига хизмат қилади.
Яқинда Жиноят ишлари бўйича вилоят ва туман судига халқ маслаҳатчилари сайлови якунланди. Айтиш жоизки, “Мустақиллик”, “Қўролос”, “Булоқбоши” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган мазкур жараёнда кенг жамоатчиликнинг тавсия, таклиф ва мулоҳазалари асосида жиноят ишлари бўйича вилоят судига 4 нафар, туман судига 12 нафар халқ маслаҳатчилари сайланди.
Қайд этиш лозимки, одил судловни амалга оширишда халқ маслаҳатчилари судьянинг барча ҳуқуқларидан фойдаланадилар. Улар суд мажлисида ишни кўриш жараёнида келиб чиқадиган ҳамма масалаларни ҳал қилишда ва ҳукм чиқаришда раислик қилувчи билан тенг ҳуқуққа эгадирлар.
Шу нарсани таъкидлаш жоизки, халқ маслаҳатчиларининг жиноят ишлари бўйича судлардаги иштироки шахс, жамият ва суд ҳокимияти ўртасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаши баробарида қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлашнинг муҳим омилидир.
И.ҒУЛОМОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.