Фириб луғатимизда – алдамчилик, йўлдан оздириш, кишини қасддан тойилтириш, қўлга тушириш, чув тушириш, ҳийла-найранг, макрга ишлатилади. Фирибгар эса – алдовчи, товламачи, макру ҳийла билан шуғулланувчи, ҳийлагар одамдир.
Туманимизда кейинги пайтларда аҳолимизнинг фирибгарлар тузоғига тушиши учрамоқда. Улар асосан ер олди-сотди, ишга киритиб қўйиш ва бошқа ҳолатларда тушмоқда.
“Бойтўп” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Ў.Б. фирибгарлиги учун бир-неча маротаба суднинг қора курсисига ўтириб чиққан. Афсуски, у бундан тўғри хулоса чиқармай, одамларни “чув” туширишни яна давом эттирди.
Жорий йилнинг февраль ойида Ў.Б.нинг таниши Ш.Қ. қўнғироқ қилиб, ишсиз юрганлигини, Зармитан олтин конига ишга кириш учун ҳужжатларни тўғрилаш бўйича маслаҳат сўрайди.
- Тўғриси, мен ҳозирда Зармитан олтин конида ишлаяпман,-дейди ҳеч қаерда ишламаса ҳам Ў.Б. - Конда танишларим кўп. Ишга киришингда ҳужжатларни ҳам тўғрилашда ёрдам бераман. Яна таниш-билишларинг бўлса айтавер, уларни ҳам ишга жойлашишда ёрдам бераман.
- Хўш, ҳужжатларни тўғрилаш учун нима қилиш керак,-дея оҳиста сўрайди Ш.Қ.
- Ўзингиз биласиз, бу ишларнинг озроқ харажати бор. Шуни берсангиз ҳаммаси хал бўлади,-дея жавоб берди Ў.Б.
Шундай қилиб Ш.Қ. Бойтўп қишлоғига келиб, Ж.Қ.нинг хонадонида ишга киргизишда ёрдам бериши учун 400 АҚШ долларини қўшқўллаб топширади. Шунингдек, Ж.Қ.нинг ишга киргазишга ёрдам бериши учун фуқаролар А.Н. 500 АҚШ доллари, Ў.О. 500 АҚШ доллари ҳамда 3 млн. сўм, Н.А. 500 АҚШ доллари, Х.С. 1200 АҚШ долларини беришади.
Афсуски, Ж.Қ.нинг Зармитан олтин конида ишламаслиги маълум бўлади. Бундан ташқари, фуқаролардан олган пулларни ҳам ўз манфаатлари учун ишлатиб юборади. Фирибгарга дуч келганини кеч бўлсада сезган фуқаролар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилади.
Жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан Ж.Қ.га фуқароларга етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлигини инобатга олиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 25 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда уч йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланади.
Мазкур тоифадаги жиноятчиликка қарши курашиш йўлида барча масъул эканлигини ҳис этиб, ҳушёр бўлиши лозимдир.
И.ҒУЛОМОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.