Сир эмас, алдов йўли билан содир этиладиган фирибгарлик жамият ривожига салбий таъсир кўрсатувчи, фуқароларни оғир аҳволга солиб қўядиган жиноятлар сирасига киради. Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизими ходимлари, кенг жамоатчилик томонидан олиб борилаётган кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари натижасида кейинги йилларда ушбу жиноят камайган бўлса-да, умумий жиноятларнинг салмоқли қисмини ташкил этиши ушбу жиноят келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган ишлар кўлами ва сифатини янада кучайтиришни тақозо этмоқда.
Қўшработ туманида ҳам кейинги вақтларда фирибгарлик жиноятлари кўпайганлигининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Асосан фуқаролар ер участкаларини сотиб олишда фирибгарлар тузоғига тушишмоқда.
“Бойпўришли” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Қ.Остоновга уй-жой қилиш учун ер майдони зарур бўлади. Бу ҳақда у таниши А.Шобердиевга (исм ва фамилияси ўзгартирилган) мурожаат қилади.
-Албатта, топамиз,-деди А.Шобердиев.
Сабаби у таниши, “Шунқор бобо” фермер хўжалигида ҳисобчи бўлиб ишлаётган Ш.Баҳромовнинг (исм ва фамилияси ўзгартирилган) ер участкаси сотаётганлигидан хабардор эди.
- Яхши жойдан ер майдони сотилади,-дея гапини давом эттирди А.Шобердиев. - Истасангиз биргаликда бориб, кўриб келишимиз мумкин. Агар ёқса, нархи тўғри келса, бемалол сотиб олишингиз мумкин.
А.Шобердиев кўрсатган жой “Шунқор бобо” фермер хўжалигига тегишли бўлиб, унинг раиси бошқа бўлсада, ака-ука Ш.Баҳромов ва А.Баҳромовлар (исм ва фамилиялари ўзгартирилган) ишни юритиб келар эдилар. А.Шобердиев фермер хўжалигида ҳисобчи бўлиб ишлаётган Ш.Баҳромовга учраб, ерга харидор топганлигини, зудлик билан сотиш зарурлигини уқтиради. Гарчи фермер хўжалиги Ш.Баҳромовнинг акаси номида бўлсада, унга билдирмай фермер хўжалигига тегишли ер участкасини сотиб, мўмай даромад олишни мақсад қилади.
Хуллас, ўзаро хуфёна келишув асосида “Шунқор бобо” фермер хўжалигидан фойдаланиш учун Қ.Остоновга 9 миллион сўм эвазига 27 сотих ер ноқонуний равишда сотилади.
Бу ҳали ҳаммаси эмас эди. Мўмай даромадга эга бўлган ҳамкорлар фермер хўжалигига тегишли ерларни талон-тарож қилишни бошлайди. Энди бу ишларга Ш.Баҳромовнинг укаси А.Баҳромов ҳам қўшилади. Улар ўзаро келишган ҳолда, фермер хўжалиги ер майдони сотилмаслигини била туриб, уларни алдаб, фирибгарлик билан Тегирмоновул ҳамда Бойпўришли қишлоқларида истиқомат қилувчи фуқаролар Б.Хушвақтовга 9 миллион 500 минг сўмга 43 сотих, С.Бердибоевга 10 миллион сўмга 30 сотих, Ш.Суяровга 10 миллион сўмга 25 сотих ҳамда Х.Нишоновга 9 миллион 500 минг сўм эвазига 43 сотих ер участкаларини ҳеч қандай ҳужжатларсиз, ноқонуний равишда сотиб юборадилар.
Бу ноқонуний фаолият яна давом этиши мумкин эди. Aгросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси туман бўлими томонидан “Шунқор бобо” фермер хўжалиги ерларини хатловдан ўтказиш натижасида бу ноқонуний фаолиятга чек қўйилди. Жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан айбдорларга нисбатан тегишли тартибда жазо чоралари белгиланди.
Ж.БОТИРОВ,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди судъяси.