Сир эмас, алдов йўли билан содир этиладиган фирибгарлик жамият ривожига салбий таъсир кўрсатувчи, фуқароларни оғир аҳволга солиб қўядиган жиноятлар сирасига киради. Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизими ходимлари, кенг жамоатчилик томонидан олиб борилаётган кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари натижасида кейинги йилларда ушбу жиноят камайган бўлса-да, умумий жиноятларнинг салмоқли қисмини ташкил этиши ушбу жиноят келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган ишлар кўлами ва сифатини янада кучайтиришни тақозо этмоқда.
Қўшработ туманида кейинги вақтларда фирибгарлик жиноятлари кўпайганлигининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Асосан фуқаролар ер участкаларини сотиб олишда фирибгарлар тузоғига тушишмоқда.
“Озод” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи С.Парпиевга уй-жой қилиш учун ер майдони зарур бўлади. Бу ҳақда у таниши А.Шобердиевга (исм ва фамилияси ўзгартирилган) мурожаат қилади.
-Албатта, топамиз,-деди А.Шобердиев.
Хўш, С.Парпиев ер участкасини қонуний тарзда, белгиланган қонун-қоидаларга асосан олиши мумкин эди. Лекин бир неча марта фирибгарлик жинояти учун судланган, ҳозирги вақтда жазо муддатини ўтаётган, Қўшработ маиший сервис шўъба корхонаси ишчиси бўлган А.Шобердиевга ҳам айтадими.
А.Шобердиев бундай ишларнинг “устаси фаранг” бўлиб кетган эди. Унга бир неча марта жазо чоралари кўрилиши, ҳатто ўзини меҳнат билан давлат ва жамоат ишларида фаол иштирок этиши учун енгиллик берилишини тўғри тушуна олмайди. “Букрини гўр тузатади” деганларидек, С.Парпиевга ўхшаган гапга “лаққа” тушадиган инсонлар бор экан, унинг “олчиғи бўлиши” мумкин экан.
Хуллас, А.Шобердиев Қўшработ тумани ҳокимлигининг заҳирасида бўлган яйлов ерларни, бир неча алоҳида ҳолатларда якка тартибда уй-жой қилиш учун “Озод” МФЙда истиқомат қилувчи С.Мамадалиев, Б.Ёрқулов, А.Сафаров, А.Алибеков, Д.Қайтаров, “Бойпўришли” МФЙда истиқомат қилувчи Ж.Болиев, Х.Эшқулов ҳамда “Булоқбоши” МФЙда истиқомат қилувчи Д.Чинмирзаевга 71100000 сўмга алдов йўли билан сотиб юборади.
Бу ноқонуний фаолият яна давом этиши мумкин эди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан бу ноқонуний фаолиятга чек қўйилди. Жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан айбдорга нисбатан тегишли тартибда жазо чоралари белгиланди.
Энди бир савол ўйлантиради. Наҳотки, фуқаролар уй-жой қилишда ҳеч қандай ваколатга эга бўлмаган, давлат идораларида ишламаган оддий бир фуқарога пулларини бериб кетаверишган. Ноқонуний иш барибир бир кун очилишини улар билишмаса. Қонунни четлаб ўтиш баъзи бир фуқароларга жуда қимматга тушмоқда. Бир кун келиб уларнинг ноқонуний қуриб олган уйлари бузилишига сабабчи бўлишмоқда. Бундан эса уларнинг ўзлари айбдор эканлигини наҳотки билишмаса.
А.АБДУЛЛАЕВ,
¤збекистон Республикаси Бош прокуратураси прокуратура органлари тергов тармоқлари фаолияти устидан назорат бошқармаси прокурори.