“Қўролос” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Ш.П. эндигина ўн саккиз ёшга кирди. Қўшработ қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи битирувчиси. Албатта, битирувчи ёшлар келажакда ўз олдиларига мақсад қилиб олишади - кимдир олий ўқув юртига ўқишга киришга, кимдир эса касб-ҳунар ўрганиб, ўз иш ўрнига эга бўлишни. Афсуски, Ш.П. ўзининг келажаги ҳақида умуман режалаштирмаган эди. Бу эса...
Хуллас, Ш.П. яшаш ҳовлисида моллари учун ем-хашак олиб келиб, тушириш учун вояга етмаган, 81-умумтаълим мактаби ўқувчиси Д.О. ҳамда Д.Н.ларни ёрдамга чақиради. Иш устида ўзаро гурунг қизий бошлади. Шунда Ш.П:
- Кўпроқ пул топиш учун ҳаракат қилишимиз керак,-дея шерикларига луқма ташлайди. -Кўпчилик хозир кунда молларини уйидан узоғроқда сақлайди. Агарда уларни ўғирлаб сотсак, бирданига кўпроқ пул ишлаш мумкин.
- Гапингиз тўғри-,дея Ш.П.нинг гапларини маъқуллаб, вояга етмаган Д.О. -Янгиқишлоқ қишлоғида амаким бор. Унинг қўшниси М. аканинг қўйи жуда кўп. Уларни уйидан узоғроқда, энг муҳими йўлнинг устида сақлайди. Ўғирлаш жуда осон. Фақатгина яна кўпроқ шерик топиш керак.
- Буёғини менга қўйиб беринглар,-дея режаси амалга ошаётганидан хурсанд холда Ш.П.
Шундай қилиб Ш.П. отасига тегишли “Дамас” русумли автомашинада жорий йилнинг 16 январь куни кеч соат 22-30лар атрофида Д.О, Д.Н. ҳамда “Пичот” МФЙда истиқомат қилувчи, касби уста бўлган ака-ука А.О. ва И.О.ларни миндириб, Янгиқишлоқ қишлоғига келишади. Автомашинани қишлоқ яқинидаги эски тегирмон олдига қўйиб, М. исмли шахснинг тўрт бош қўйини ўғирлаб чиқишади. Қўйларни автомашинанинг олинган орқа ўриндиғига ортиб, Пичот қишлоғига келишади.
Хўш, қўйни ўғирлаб чиқишди, энди уни қаерда сақлаш керак? Агар уйига олиб борса, ота-онаси шубҳаланишади. Шунда Ш.П.нинг ёдига ўртоғи, Пичот қишлоғида истиқомат қилувчи М.С. эсига тушади. Таниши қўйларни кўриб бироз шубҳаланади. Шунда Ш.П. уни Жўш қишлоғидан сотиб олганлигини, ўғирламаганлигини айтади ҳамда уларни ташлаб кетади.
Эрталаб Ш.П. ҳамда унинг ҳамтовоқлари қўйларни сотиш учун Митан бозорига олиб боришади. Афсуски, уни сотолмайди. Бу орада баъзи бир харидорлар Ш.П. ва унинг шерикларидан бироз шубҳаланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар қилишади.
Тез орада фош бўлган ўғирлик жинояти учун Ш.П. ва унинг шерикларига нисбатан Жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан тегишли тарзда жазо чоралари қўлланилди.
И.ҒУЛОМОВ,
Жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.