Кишиларнинг тарихан шаклланган, оиланинг бирламчи бўғини бу - маҳалладир. Маҳаллани, таъбир жоиз бўлса, йирик бир оила дейиш мумкин. Оилаки, қўни-қўшничилик, қавму қариндошчилик, сингари азалий қадриятлар бешиги бўлиб онг-шууримизда гавдаланади.
Хизмат сафари билан Жўш томонларга йўлим тушиб қолди. Атроф баҳор нафаси оғушида. Кўринган гузар, ҳовли-жой, ташкилот, корхоналар борки, барчасида ободончилик ишлари қизғин. Ёшу қари баҳорни муносиб кутиб олмоқ умиди билан куймаланади.
Муддаомнинг асл боиси бевосита маҳаллалар фаолиятини ўрганиш важидан “Жўш ота” маҳалла фуқаролар йиғини идорасига ташриф буюрдим. Мени маҳалла раиси Абдуалим ака Носиров кутиб олди. Қўли-қўлига тегмаётган раис отани (бу ерликлар у кишига шундай мурожаат қилар экан) суҳбатга тортиш учун чамаси икки соатлар кутиб қолдим. Маҳалла идорасига сим қоқиб келгувчиларнинг кети узилмайди. Қувонарлиси, уларнинг аксарияти шу ернинг ўзидаёқ муаммоларини ҳал қилиб кетмоқда. Абдуалим ака жонкуярлик ва инсонийлик хислатларини намоён этиб, ўз маҳалласининг ободлиги ва осойишталиги йўлида саккиз йилдирки фаолият юритиб келмоқда.
- Маҳалламиз ҳудудида рўйхатга олинган аҳоли сони жами тўрт минг тўққиз юзтани ташкил қилади, - дейди А.Носиров. – Шулардан йигирма битта оила кам таъминланган хўжалик сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, ишсиз фуқаролар сони саккиз юз ўн биттани ташкил қилади. Мен нега сўзимни ушбу рақамларни келтириш билан бошладим. Муҳтарам Юртбошимиз ҳамма соҳалар сингари маҳаллалар фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш асносида аҳолининг айнан ушбу қатламига муҳим урғу бериб, уларга ҳам моддий, ҳам маънавий кўмакдош бўлиш лозимлигини бирламчи вазифамиз қилиб белгилаб берди. Ислоҳотларнинг ижросини таъминлаш мақсадида маҳалламизда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Моддий ҳимояга муҳтож бир оилага газ плитаси, учта хонадонга ўн икки халтадан кўмир ёқилғиси, учтасига духобка ҳамда анчайин таъмирталаб бўлиб қолган А.Саримсоқов хонадонини капитал ремонт қилиш учун ўн миллион сўм миқдорида пул маблаҚлари ажратилди.
Маҳалла ҳудудида аҳоли бандлигини таъминлашга эътибор қаратиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш негизида бир қатор чора-тадбирларни кўрмоқдамиз. Яқинда маҳалламизда истиқомат қилувчи тадбиркорлар Х.Мусурмонов саккиз минг долларга Хитой технологиялари асосида кафел ва блок ишлаб чиқарадиган ускуна олиб келиб, ўн олтита иш ўрнини яратган бўлса, З.Худайбердиев ўзининг хусусий тадбиркорлигини очиб, ўн беш нафар ёшларни иш билан таъминлади. Бундан ташқари, маҳалла кўмагида тўртта хонадон ҳудуди ҳунармандчилик фаолиятига ихтисослаштирилган бўлса, саккизта хонадонда иссиқхоналар яратилди.
Мамлакат фаровонлиги унда истиқомат қилаётган инсонларнинг тинчлик ва тотувлигидан илдиз отади. Бугун глобал муаммолар гирдобида қолиб кетаётган сайёрамизда тинчликнинг қадрига етиш инсон учун олий саодат. Бу борада ер юзининг турли бурчакларида содир бўлаётган хунрезликлар, одам савдоси, гиёҳвандлик, терроризм келтириб чиқараётган талофатлар, албатта, барчамизни огоҳликка ундайди.
Маҳалламизда кейинги уч йил давомида жиноятлар содир этилмади. Шунингдек, чет элдаги меҳнат мухожирларимиз билан доимий алоқани йўлга қўйиш мақсадида уларнинг ўзлари ва оила аъзолари билан туман ички ишлар бўлими ҳамкорлигида тушунтириш ишлари олиб борилди. Албатта, буларнинг барчасида маҳалланинг жамият тараққиётидаги муҳим роли ёрқинроқ намоён бўлади.
Раис ота билан суҳбатимиз дарахтларни оқлаётган, қиш уйқусидан эндигина уйғонган она замин бағрини ағдараётган, шудгорлаётган хашарчилар олдида давом этади. Қўлим тегсин дея мен ҳам кетмонни олиб, чопаман. Нафасим бўғзимда қолади. Бироқ, чамаси олтмишдан ошиб қолган раис отамиз беш метрлар масофани кўрдим демай ағдариб ташлади. Сўзи амалига уйғун инсоннинг ортидан одамлар эргашади. Ишонинг, бу баландпарвоз гаплар эмас. Булар шунчаки, Абдуалим ака билан уч соатлик суҳбат жараёнидаги хулосаларимнинг ширин меваси, холос.
Зеро, маҳалланинг ободлиги, аҳолинингг фаровонлиги ана шундай илғор фикрли кишилар бошчилик қилаётган маҳаллалар фаолияти билан чамбарчас боғлиқдир. Қолаверса, эътиборли, эътиқодли бўлиш кишини шижоат кўрсатишга ундайди, вужудига куч-қудрат бағишлайди.
ЮКСАК ЭЪТИБОР ШИЖОАТГА УНДАЙДИ
Тўлқин ХАЛИЛОВ.