Жорий йилнинг март ойида Самарқанд давлат университети ва Германиянинг Археология институти Евроосиё бўлими билан ҳамкорликда 2018-2020 йилларда “Ўзбек-Европа археологик экспедициясини ташкил этиш ва Зарафшон воҳасида разведка ишларини олиб бориш” бўйича шартнома имзолаган эди. Шу муносабат билан ташкил этилган қўшма археологик экспедиция 2018 йилнинг 21 апрель - 30 май кунлари Қўшработ тумани ва унга қўшни ҳудуларда Самарқанд давлат университети Археология кафедраси профессори Н.А.Аванесова ва Германия Археология институти Евроосиё бўлими ходими Элиз Лунолар ҳамраислигида кафедра ўқитувчилари О.Эргашев, А.Назаров, Археологик тадқиқотлар институти илмий ходими А.Холматовлар иштирокида фаолият олиб борди. Экспедиция давомида бронза даврига (эрамиздан 5-4 минг йил аввал) оид чорвадор “Андронова маданияти”га мансуб ўнлаб қабр қўрғонлари рўйхатга олинди. Шунингдек, Қўшработ туманидан сўнгги палеолит даврига тегишли бўлган учта ғор макони аниқланди.
Халқаро археологик экспедиция тадқиқотлари Ватанимиз тарихини ўрганишда муҳим аҳамият касб этиши кутилаяпти. Дастлабки қўлга киритилган натижалар ҳам бундан далолат бериб турибди. Хусусан, Андронова маданиятига мансуб ёдгорликларнинг топилиши фанда мавжуд баъзи муаммоларга ечим топиши мумкин. Ушбу маданиятга мансуб чорвадор қабилалар Сибир, Урал, Жанубий Қозоғистон ҳудудларида кенг тарқалган. Қўшработ туманидан топилган шу маданиятга мансуб ёдгорликлар эса бронза давридаги жамоалар ўртасидаги ўзаро алоқалар масаласига ойдинлик киритиши, шубҳасиз.
Бизга маълумки, Қўшработ туманида тош даврига оид археологик ёдгорликлар ҳозиргача аниқланмаган эди. Тумандаги Минишкор ва Оққўрғон қишлоқлари жойлашган ғорлардан топилган тош қуроллари эса ишлов бериш техникасига кўра сўнгги палеолит (эр.ав.40-12 минг йилликларни ўз ичига олади) даврига мансуб. Мутахассислар бу топилмалар ёшини 30-25 минг йилликларга оид деб ҳисоблашмоқда. Юқоридаги фикрлар экспедиция аъзоларининг дастлабки фикр-мулоҳазалари, холос. Келажакда амалга оширилиши лозим бўлган тадқиқотлар қатор масалаларга аниқлик киритади деб умид қиламиз.
И.ҚУРБОНБОЕВ,
СамДУ тарих факультети декани ўринбосари.
скачать dle 11.3