Таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир” деган чуқур маъноли сўзлари нақадар ҳақиқат эканини яхши англаймиз. Тарбия масалаларига эътиборсиз қаралган вазиятда юзага келадиган кўнгилсизликлар ҳам, у келтириб чиқарадиган зарарли оқибатлар ҳам барчамизга аён. Зеро, тарбияси мўрт ёшлардан жамият, маҳалла ёки оила учун ҳеч қандай наф бўлмайди. Ёшларнинг жиноятга қўл уриши тарбияда йўл қўйилган хато ёки бефарқликнинг аччиқ инъикосидир.
Хўш, ўсмирлар нега жиноятга қўл урмоқда? Уларнинг ота-онаси, таълим муассасаси, маҳалласи бундай ҳолатга нега бефарқ, лоқайд муносабатда бўлмоқда?
Ўсмирни ўсиб келаётган ёш ниҳолга ўхшатишади. Бу бежиз эмас. Ниҳолни қайси томонга қараб эгсангиз, шу томонга қараб ўса бошлайди. Ўсмир оилада, ўқув даргоҳида нимани кўрса, ўшанга қараб иш тутиши мумкин. Агарда маҳалладами ёки ўқув даргоҳида ёмон хулқли болаларга қўшилса, унинг руҳиятида ўзгариш юз бериб, атрофдагиларга ёмон муносабатда бўлиши мумкин.
Мутахассислар ота-онанинг фарзанд ахлоқидаги салбий ўзгаришларга, унинг феъл-атвори, таълим-тарбиясига эътиборсиз бўлиши бола келажаги учун жиддий хавф туғдирувчи асосий омил эканини таъкидлайди. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, жиноятга қўл ураётган болалар, асосан, нотинч ва носоғлом оилаларда вояга етмоқда. Оиладаги бундай муҳитга мослашган ёки моддий таъминотга муҳтож бола бошқалар билан кўп жанжаллашади, ўғирлик, безорилик каби жиноятларга қўл уради.
Гўё кўпчиликнинг фарзанд тарбияси билан банд бўлишга ортиқча вақти йўқ эмиш. Ваҳоланки, тарбия масалалари билан ортиқча вақтда эмас, ҳар дақиқада шуғулланиш даркор. Умуман олганда, ота-оналар кўпроқ фарзанд тарбияси учун фақатгина дастурхон атрофида ўтирганда, бола кўчага чиқаётганда, мактабга кетаётгандагина шуғулланадилар. Демак, бошқа пайти ўсмирларнинг нима билан бандлиги мавҳум бўлиб қолади.
Буюк ватандошимиз Имом Ғаззолий бундай дейди: “Болалар ота-оналарига берилган бир омонатдир. Боланинг қалби ҳар қандай нақшу тасвирдан холи бир қимматбаҳо гавҳардир. У қандай нақш солинса, қабул қилади, қаёққа букилса, эгилади. Агар яхшиликка ўргатилса, шу билан ўсади ва дунёю охиратда саодатга эришади. Унинг савобига ота-онаси ҳам, ҳар бир муаллиму устозлари ҳам шерик бўладилар. Агар ёмонликка одатлантирилса, ҳайвонлардек ўз ҳолига ташлаб қўйилса, охир-оқибат ҳалок бўлади. Гуноҳи эса унинг тарбияси учун жавобгар бўлганларнинг гарданига тушади”.
Шуни унутмаслигимиз керакки, юрт келажаги, Ватанимиз тараққиёти ва халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимиз ва ёшларимизнинг бугун қандай таълим ва тарбия олишига боғлиқдир. Шу сабабли ҳар қайси ота-она, устоз ва мураббий ҳар бир бола тимсолида аввало, комил шахсни кўриши зарур. Ана шу оддий талабдан келиб чиққан ҳолда, ўниб-ўсиб келаётган ёшларни мустақил ва кенг фикрлаш қобилиятига эга бўлган, онгли яшайдиган комил инсонлар этиб вояга етказиш – таълим-тарбия соҳасининг асосий мақсади ва вазифаси бўлиши лозим, деб қабул қилишимиз керак.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидланганидек: “Маънавиятни шакллантиришга бевосита таъсир қиладиган яна бир муҳим ҳаётий омил – бу таълим-тарбия тизими билан чамбарчас боғлиқдир. Шунинг учун маънавиятни шакллантиришда таълим ва тарбиянинг ўрни ва аҳамияти катта ҳисобланади”.
Маълумки, ота-боболаримиз қадимдан бебаҳо бойлик бўлмиш илму маърифат, таълим ва тарбияни инсон камолоти ва миллат равнақининг энг асосий шарти ва гарови деб билган. Албатта, таълим-тарбия – онг маҳсули, лекин айни вақтда онг даражаси ва унинг ривожини ҳам белгилайдиган, яъни халқ маънавиятини шакллантирадиган ва бойитадиган энг муҳим омилдир. Бинобарин, таълим-тарбия тизимини ва шу асосда онгни ўзгартирмасдан туриб, маънавиятни ривожлантириб бўлмайди.
Қўшработ қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида бу борада аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, кенг кўламли профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. ¤қувчиларнинг дарсга мунтазам қатнашиши назоратга олиниб, бўш вақтини мазмунли ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вояга етмаганлар томонидан жиноятларнинг содир этилмаслиги учун астойдил ҳаракат қилинмоқда. Бунинг натижасида ўтган ўқув йили давомида коллежимизда биронта ҳам жиноят содир этилмади.
Фарзандни ёшлигидан қандай тарбияласак, шундай вояга етади. Бунда, албатта, оила, маҳалла, жамиятдаги муҳит муҳим аҳамиятга эга. ¤зи, оиласи, халқи, маънавий илдизлари ҳақида етарли тушунчага эга бўлган бола жиноят кўчасига кирмайди. Бунга эришиш учун жамиятнинг ҳар бир аъзоси зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этиши, бурчини сидқидилдан бажариши лозим.
Қўшработ ҚХКҲ коллежи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.