Кейинги пайтларда шифохоналарга мурожаат қилаётганларнинг кўпчилигини семизлик, қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари камқонлик ва онкологик касалликлари безовта қилаётганлигининг гувоҳи бўлаяпмиз. Шифокорларнинг таъкидлашича, бунга сабаб юртимизда аҳолида жисмоний фаолликнинг камлиги, тамаки маҳсулотлари, спиртли ичимликларни истеъмол қилиниши ва соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслиги сабаб бўлмоқда экан. Натижада, катта ёшдаги аҳолининг 50 фоизи ортиқча вазндан, 34 фоизи қон босими ошишидан азият чекмоқда. Бу эса, ўз навбатида, қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари, бош мия қон айланиши фаолиятининг бузилиши, бўғин касалликлари ва бошқа бир қанча хасталикларнинг ривожланишига олиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 29 январдаги “Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва аҳолини жисмоний тарбия ва оммавий спортга жалб этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш учун аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишни тизимли йўлга қўйиш, жамиятда соғлом турмуш тарзи тамойилларини янада кучайтириш, ўсиб келаётган ёш авлодни зарарли одатлардан асраш ҳамда ҳар бир маҳалла, таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва бошқаларда жисмоний тарбия ва спорт фаолиятини самарали ташкил этиш тизими шакллантирилмоқда.
Ҳар шанба куни эрта тонгдан туман тиббиёт бирлашмасида бу ташаббус бошланди. Шифокорлар ҳамда ушбу соҳада фаолият кўрсатаётган бошқа ходимлар туман ҳокимлиги биносидан тиббиёт бирлашмасигача марафонча юришиб, оммавий бадантарбия ва гимнастика машғулотлари ўтказишмоқда.
-Эрталабки бадантарбия бу - нафақат жисмоний саломатлик гарови,балки инсоннинг руҳияти, кунни янги куч, янгича иштиёқ билан бошлашига туртки бўладиган муҳим воситадир,-деди туман тиббиёт бирлашмаси шифокори М.Сирлибоев. - Мунтазам равишда жисмоний тарбия билан шуғулланган одамда кайфият кўтаринки бўлади, қон юриши яхшиланади, касалликлар чекинади. Яратган бизга ато этган умрни узайтириш, соғлиғимизни асраш ҳақида биз кўпинча дард тутганда ва шифокорга бориш, дори ҳамда даволаниш учун оиламиз бюджетидан пул сарфлашга тўғри келган пайтдагина ўйлаймиз.
Мамлакатимизда ҳам спорт соҳасига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Аҳолини жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиб, соғлом ҳаёт кечиришга жалб этиш, шу орқали касалликларнинг олдини олиб, одамларнинг умрини узайтиришда бевосита жисмоний тарбия ва спортнинг аҳамияти каттадир.
Ҳар қандай инсонда ақл ва мияни тиниқ тутиб туришнинг йўли ҳафтада бир неча марта жисмоний машқ қилиш экан. Хитойда ҳар бир киши кунига 8 километр пиёда юришар экан. Бу эса уларга руҳиятининг тетик бўлиши, иш жараёнида ҳолсизлик каби ҳолатларнинг олдини олишга ёрдам бераркан.
Сўнгги илмий тадқиқотларнинг хулосасига кўра, юрак ва мускулларни бироз машққа солиш билан инсон хотирасини мустаҳкамлаб, фикрлаш даражасини яхшилаб олади.
Машқ қилиш билан ҳатто англаш қобилияти сусайиб бораётган кексаларда ҳам ижобий ўзгаришлар рўй берган.
Австралиялик олимлар фикрига кўра, қайси ёшда бўлишингиздан қатъий назар, жисмоний машқ қилиш тана ва зеҳнни соғлом уйғунликда сақлар экан.
Туманимиз аҳолисини спортга қизиқтириш ҳамда тарғибот-ташвиқот қилиш мақсадида ҳар ҳафта шанба куни шифокорларимиз томонидан узоқ масофага пиёда юришни ташкил этдик. Бу кўпчиликни қизиқтириб, ҳозирги кунда бошқа меҳнат жамоалари, аҳоли вакиллари ҳам қўшилмоқда.
Туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан кўрсатилаётган бундай ташаббус, шубҳасиз туманимизда соғлом турмуш тарзини камол топтиришда муҳим ва аҳамиятли бўлади. Бундай ташаббус бошқа меҳнат жамоалари давом эттиришади, албатта. Зеро, “Соғлом танда - соғ ақл” дейилган.
Ҳ.РАСУЛОВ.