Туман марказидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида кураш бўйича 2002-2004 йилларда туғилган ўсмир ёшлар ўртасида вилоят саралаш чемпионати бўлиб ўтди. Мусобақада 16 та туман (шаҳар)лардан 178 нафар курашчи иштирок этишди.
- Сир эмаски, туманимиз ёшлари орасида ушбу спорт тури билан шуғулланаётганлар кўпчиликни ташкил этади,- дейди туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими бошлиғи А.Мухамматов. -Оммавий спортни кенг тарғиб этиш, шу орқали жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш бугунги кундаги устувор масалалардан бири ҳисобланади. Спорт ёшларнинг нафақат жисмоний, балки маънавий камолоти учун, шунингдек, ёш авлод қалбига ватанпарварлик ва инсонийлик туйғуларини сингдиришда ҳам жуда муҳим омил саналади.
Турнир якунига кўра 38 кг вазн тоифасида А.Абдушукуров (Самарқанд шаҳар), 42 кг вазнда Э.Худайназаров (Тайлоқ туман), 46 кг вазн тоифасида З.Мусулмонов (Самарқанд шаҳар), 50 кг вазнда А.Норбўтаев (Самарқанд шаҳар), 55 кг вазнда Т.Қурбонов (Тайлоқ туман), 60 кг вазн тоифасида Н.Хайруллаев (Самарқанд шаҳар), 65 кг вазнда Б.Эшмўминов (Самарқанд шаҳар), 71 кг вазнда З.Шоназаров (Тайлоқ туман), 77 кг вазнда Б.Эшпўлатов (Самарқанд шаҳар), 77 кгдан юқори вазн тоифасида Ў.Қутлимуродов (Самарқанд шаҳар)лар ғолибликни қўлга киритиб, чемпионатнинг республика босқичига йўлланма олди.
Лекин дилни хира қиладигани туманимизда ўтказилган бу мусобақада спортчи ёшларимиздан биронтаси ҳам ғолибликни қўлга киритолмади. Фақатгина 46 кг вазн тоифасида Ш.Хўрозбоев иккинчи ўринга кўтарилди, холос. Бундай қониқарсиз натижалар туманимиз мутасаддилари ҳамда мураббийлардан кўпроқ ёш курашчилар билан ишлаш, уларнинг жисмоний тайёргарлигини оширишни, масъулиятни чуқур ҳис этишни талаб этади.
Тўлқин ХАЛИЛОВ.