"Соғлом аёл - соғлом жамият" шиори остида ТИП-2 спорт мажмуасида туман хотин-қизлар қўмитаси, жисмоний тарбия ва спорт бўлими ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши ҳамкорлигида “Хотин-қизлар спорт ҳафталиги” доирасида хотин-қизлар ўртасида спорт мусобақалари ўтказилди.
Мамлакатимизда хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг, айниқса, спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Бу борада оилаларда соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, қизларнинг истеъдодини рўёбга чиқаришга устувор аҳамият берилмоқда. Мана шундай эзгу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, бугунги кунда спортда юксак натижаларга эришиб келаётган қизлар сони тобора ортиб бораяпти. Ўсмир қизлар, аёллар, шу жумладан, уй бекаларини турли соғломлаштириш секцияларига жалб этиш мақсадида ўтказилаётган аёллар спорт фестиваллари, оилавий мусобақалар ва бошқа лойиҳалар опа-сингилларимизнинг спортга бўлган қизиқиши ортишига замин яратаётир.
– Мамлакатимизда хотин-қизлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортнинг оммалашиб бораётгани оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим омил бўлмоқда, – дейди “Қўролос” маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси С.Бойхонова. – Маҳалламизда ҳам хотин-қизларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Қизғин ва муросасиз баҳслара бой бўлган мусобақада стол тенниси бўйича 1-ўринни “Қўролос” МФЙдан Б.Сирлибоева, 2-ўринни “Озод” МФЙдан Н.Шералиева, енгил атлетика бўйича 1-ўринни “Бозоржой” МФЙдан М.Қурбонова, 2-ўринни “Бойтўп” МФЙдан У.Қудратова, шахмат-шашка бўйича 1-ўринни “Қўрғон” МФЙдан Н.Нишонова, 2-ўринни “Майинтепа” МФЙдан Д.Облоқулова, бадиий гимнастика бўйича 1-ўринни М.Тангирова, 2-ўринни “Минишкор” МФЙдан Д.Умрзоқовалар эгаллашди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорларига ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Б.МАМАДИЁРОВ.